Юлдуз Турдиева Францияда катта концерт дастурини тақдим этди

  • 8-10-2018, 18:18
  • 1 957
  • Маданият
  • Юлдуз Турдиева Францияда катта концерт дастурини тақдим этди
    Миллий мақом санъатимиз тили ва миллатидан қатъий назар, жаҳон халқларини доимо ўзига мафтун этиб келган. Унинг сеҳрли кучи, бетакрорлиги хорижликларнинг ҳам сел бўлиб тинглашида яққол намоён бўлади.

    Яқинда Францияда катта концерт дастурини намойиш этиб қайтган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди, деб ёзмоқда "Халқ сўзи" нашри.

    — Миллий мусиқа ва мақомларимиз замирида инсонни эзгуликка чорлайдиган, унинг қалбидаги энг нозик, энг гўзал туйғуларни уйғотадиган буюк илоҳий куч бор. Шунинг учун уларни ўзбек тилини тушунмаган инсон ҳам жон қулоғи билан эшитади, олқишлайди, ардоқлайди.

    Францияда худди мана шу ҳолатга гувоҳ бўлдик. Парижда санъат ихлосмандлари бизни жуда илиқ кутиб олди. Кўҳна шаҳардаги муҳташам “Де ла Вилль” театрида ўтказган концертимиз миллий меросимиз ихлосмандларининг жўшқин қўллаб-қувватлови, ашула ва рақслар жилосининг қалбларга кўчгани билан ўзига хослик касб этди. Дугоҳ мақомидан, Бухоро мавригиларидан, халқ лапарларидан куйладик, дутор, танбур, ғижжак, доира садолари янгради. Концертимиз тугагач, саҳнадан чиқиб кетар эканмиз, “тасанно”, “офарин” деган сўзлар тинмади...

    Шу ўринда “кўҳна қитъа”да катта концерт дастурини ташкил этишда яқиндан ёрдам берган мусиқашунос олима Соудабех Киа хонимга катта миннатдорлик билдирамиз.Шу ўринда биз, хонандаларнинг ҳар бир ютуғи мамлакатимизда санъат аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратиб берилаётган қулай шароитлар меваси, деб биламан. Айниқса, миллий мақом ривожига Президентимиз алоҳида эътибор кўрсатаётгани, юртимизда халқаро санъат анжуманлари ўтказилаётгани мусиқий дурдоналаримиз довруғининг оламга кенг ёйилишига хизмат қиляпти.

    » » Юлдуз Турдиева Францияда катта концерт дастурини тақдим этди