19:30 / 07.12.2018
4 616

"Ўзбекистоннинг 100 нодир қўлёзмаси" асл ватанига қайтарилади

"Ўзбекистоннинг 100 нодир қўлёзмаси" асл ватанига қайтарилади
Ўзбекистон замини азалдан дунё тамадунининг қадимий бешикларидан бири бўлиб келган. Бу қадимий юртдан етишиб чиққан алломалар, уларнинг бетакрор ижоди, яратган илмий ва бадиий мероси бугун ҳам жаҳон илм аҳлини ҳайратлантириб келмоқда. Аждодларимизнинг ақлу закоси, теран тафаккури, қалб қўрию кўз нури билан яратилган дурдоналарни бугунги кунда дунёнинг турли ҳудудларидан, юзлаб йирик кутубхона ва музейлардан, шахсий колекцияларидан топиш мумкин.

2018 йил 10-11 декабрь куни Тошкентда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг 2018 йил якунлари ва "Йўл харитаси-2019"ни ишлаб чиқишга бағишланган халқаро мультимедия форуми бўлиб ўтади. Мазкур форумда дунёнинг турли мамлакатларидан 300 нафардан ортиқ шарқшунос, тарихчи ва санъатшунос олимлар, йирик музей ва кутубхоналар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

– Форум кун тартибидан ўрин олган янги лойиҳалардан бири “Ўзбекистоннинг 100 нодир қўлёзмаси” деб номланади, дейди лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдухолиқов. – Ушбу лойиҳа турли мамлакатлардаги илмий ва маданий муассасаларда сақланаётган, бевосита Ўзбекистонга тегишли бўлган қўлёзмаларни излаб топиш ва уларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш билан боғлиқ. Айни пайтга қадар мазкур лойиҳа доирасида бир қатор дурдона асарларнинг факсимиле нусхалари Европа технологиялари асосида кўпайтирилиб, юртимизга олиб келинди.

Улар қаторида “Темур тузуклари”, “Девоний Ҳусайний”, “Меърожнома”, “Равзатус-сафо” сингари ноёб асарларни мисол келтиришимиз мумкин. Биз хорижий мамлакатларга қилган экспедицияларимиз давомида Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий сингари аждодларимизнинг бебаҳо асарларини топдик. “Ўзбекистоннинг 100 нодир қўлёзмаси” лойиҳаси бўйича уларнинг факсимле нусхаларини олиш бўича тегишли муассасалар билан музокаралар олиб боряпмиз.

Ҳали юзлаб ана шундай нодир қўлёзмалар дунёнинг турли ҳудудларида сочилиб ётибди. Уларнинг айримлари бизнинг илмий жамоатчилигимиз учун сирлигича қолмоқда.

Лойиҳадан кўзда тутилган мақсад ҳам бу бебаҳо бойликни халқимизга қайтариш, шу билан бирга Ўзбекистоннинг тарихий ҳақиқатини, бой маданий меросини, маънавий салоҳиятини намойиш қилишдан иборат.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » "Ўзбекистоннинг 100 нодир қўлёзмаси" асл ватанига қайтарилади