Тиши синган қўшиқчи ёки юлдузларимизга нима бўлди?

  • 26 январь 2020, 21:15
  • 4 299
  • Маданият
  • Тиши синган қўшиқчи ёки юлдузларимизга нима бўлди?
    Фото: «YouTube»
    Шоу бизнес. Четдан қараганда анча сокин, сирли ва жозибали кўринса-да, аслида жуда шафқатсиз ва ўта кучли рақобат олами. Бунда бугун энг эъзозлилар эрта буткул унутилишга маҳкум. Бугун ҳеч ким билмаган бир тўпори эрта бир клипи ё қилиғи (!) билан таниқли бўлиб кетиши ҳеч гапмас.

    Энг ёмони, ҳозир бунда янгилар фақат танилиш учунгина қўшиқ айтяпти ёки нималардир қилишмоқда. Қачондир дуппа-дуруст ижоди билан танилган, энди эсдан чиқаётганлар ҳам «яшаб қолиш» ёки ўзини бир-бир эслатиб туриш учун ҳатто жанжал чиқариб, шов-шув кўтаришдан ҳам тоймаяпти.

    Рус эстрада хонандаси Шура бир пайтлар тезроқ танилиш учун соғ тишини синдириб, соқовча қўшиқлар хониш қила бошлаганди. Эшитиб, ҳайрон қолгандик. Афсуски, бу ёмон усул (таъбир жоиз бўлса, «Шура синдроми») бугун бизда ҳам пайдо бўлган. Тўғри, тишини синдирган биров-ярим «жасоратли»ни ҳозирча кўрмадик, лекин бошқачароқ усуллар ҳам бор. Бундан бир неча йил олдин эстрадамизнинг шаддодларидан бири ўзидан ёш бир аёл хонандани тўйда қандай боплаганини роса реклама қилганди. Шундан бери «боплашлар» авж олиб кетди.

    Эндиликда бу «усул» бир кўриниб танилаётган ёки танилиб бўлиб, чўнтаги тўлиб, ижод қилишга эриниб қолган қўшиқчиларга ҳам зўр пиар воситаси бўлиб қолди. Бу борада баъзи «қадди баланд»лар анчагина ҳаддидан ошгани ҳам рост гап. Авваллари бирон хонанда элга танилиш учун йиллаб, камида 12 та қўшиқ ёзиб, альбом чиқарар, шундан нари борса уч-тўртта қўшиғи оммалашарди. Ҳозир-чи?! Яхши қўшиқ ёзишдан кўра, бир ишкал чиқариб тилга тушиш осон ва мақбул усул бўлиб қолди.

    Баъзи хонандаларимиз шу қадар эринчоқ бўлиб қолганки, ҳатто ўзининг қўшиқчи эканини ҳам унутвориб, шоу-дастурларда «юлдуз» бўлиб юрибди. Самандар Ҳамроқулов. Қандай қўшиқлар айтар эди-я! «Севги фазоси», «Танго», «Ҳеч бўлмаса» — шундай қўшиқлардан йилда ақалли биттасини ёзганидами! Мадина Мумтоз билан айтган «ялла»сидан кейин бошқа қўшиқ қилмади-ёв. Афтидан ток-шоулари кўплигидан вақти ҳам йўқ бунга...

    Ёш қўшиқчи, «Элдидо» гуруҳи аъзоси Дилниёз-ку ҳамма жойда ҳозиру нозир. Бу бола «Чаққон шоу»даги пуфак ёриш-у, саримсоқпиёз ейишдаям, «Вой-дод караоке»да газ ютишдаям, «Олтин калит-у», «МТВ-шоу»даям, сериаллардан тортиб, тонгда ичадиган ширчойдаям чиқади. Ҳайронман, илгарилари бошловчилар қўшиқ айтишга қизиқарди, энди эса қўшиқчилар бошловчиликка. Ҳарқалай, кўзга яқин бўлса бўлди-да...

    Яқинда телевидениедаги бир суҳбатда Достон Убайдуллаев мени тадбирларга бошловчиликка чақиришди, деб айтиб қолди. Сал мақтанчоқлик билан айтилган бу гап аслида унинг учун яхши гапмас. Ахир мухлислари хотирасида унинг қўшиқчилиги ва қўшиқлари унутилганидан далолат эмасми бу.

    Санайверсак рекламаларда қаҳва ичиш-у, қотган нон чайнаш ва яна нималар биландир овора яна кўплаб санъаткорларимизни учратамиз. Ситора Фармонова, Жаҳонгир Позилжонов, Алишер Узоқов, Али Отажонов, Шерзодбек, Ёрқинхўжа Умаровлар ҳам шоу-дастурларда «дежурный».

    Зарина Низомидинова бир мавсум қайсидир каналда профессионал боксчилар, ўзбекнинг алп ўғлонлари билан суҳбатлар уюштириб, уларни ғалати саволлари ва таранг либосдаги кўриниши билан кўп чалғитди. Ким айтади, Ҳасанбой каби енгилмасларимизга нега кўз тегди?!.

    Яна бир талай жанжал қилишга журъатсиз, қўшиқ куйлашга тоқатсиз ёш қўшиқчилар ва баъзи унутилаётган таниқлилар учун зўр имкон пайдо бўлди. «Хафа бўлиш йўқ». Ушбу кўрсатув ғояси хорижий телеканаллардан олинган бўлса-да, тез орада омма этиборига тушди. Бошида анча ҳаққонийлик акс этган ушбу дастур охирги пайтларда анча-мунча нотаниш қўшиқчиларни ҳам «хафа қила бошлади». Бирорта тайинли қўшиқ айтиб тилга тушмаган «юлдуз»лар баҳонада танилиб олаётган бўлса, албатта кўрсатув охирида «хафа эмасман», дейди-да.

    Бугун эслаганларимиз ва бошқа ижодий танаффус этган шоу юлдузлари! Сизни қўшиқларингиз билан кашф этганмиз. Сизга ошпазлик ё дастёрлик, чаққонликлар қилиб юриш ярашмас. Илтимос, яна қўшиқлар яратинг. Таниқли эмас, севимли бўлинг. Бу гаплар ижодингизни соғинганлардан. Дарвоқе, ёзганларимиз кимгадир ёқмаган бўлса, ХАФА БЎЛИШ ЙЎҚ!

    Шуҳрат Нормуродов

    » » Тиши синган қўшиқчи ёки юлдузларимизга нима бўлди?