09:43 / 20.04.2021
5 122

Мирза Азизовнинг шогирдлари устози ҳақида йиғлаб гапирди (видео)


Фото: «Дарё»
Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов 16 апрель куни 58 ёшида вафот этди. Мирза Азизовнинг шогирдлари актёр Расулхон Қодирхонов ҳамда актриса Маърифат Ортиқова устозининг амалга ошмаган орзулари ҳақида йиғлаб сўзлаб беришди.

Ҳаммага яхшилик соғинадиган инсон эдилар.

"Бу дунё кутилмаган вазиятларни, кутилмаган синовларни тақдим қилиши ҳеч кимга сир бўлмаган ҳақиқат. Баъзан синовлари қаттиқ бўлади. Бизнинг театр, умуман, ўзбек кино ва театр санъати учун жуда катта йўқотиш бўлди. Раҳбаримиздан, устозимиздан айрилиб қолдик.

Халқимизда ҳар бир ўтган инсон ҳақида яхши инсон эди, деб эсланади. Лекин устозимиз театримиз, санъатимиз, кино учун, шогирдлар учун ўзларини фидо қилдилар. Ўзларини эҳтиёт қилиб, шифохоналарда ётиб, даволаниб юрмасдилар, доим ҳаракатда юрардилар. Жуда кўп меҳнат қилардилар.

Театримизда ишлайдиган ёшларнинг деярли барчаси вилоятлардан келган, ҳаммамиз чет-четлардан келган ёшлармиз. Ҳар биримизнинг тўйларимизга бориб, бош-қош бўлганлар. Ўзларини аямасдан, барчани рози қилишга ҳаракат қилганлар. Ўзимнинг тўйимга бориш-ку майли, укам актёрлик мактаби очганида Ангрен шаҳрига бориб, ўзлари катта умидлар билдириб, маслаҳат бериб, катта ишонч билдириб қайтганлар. Ҳаммага яхшилик соғинадиган инсон эдилар.

Театримизнинг 80 йиллигини нишонлашимиз керак эди, бу билан боғлиқ устозимизнинг катта режалари бор эди. Китобларини чиқариш орзулари бор эди, бу амалга ошди, аммо ўзлари буни кўрмай кетдилар.
Баъзан инсонлар сизни ҳурмат қилмаслиги, ёки ҳурматини яшириши мумкин. Шундай ижод қилингларки, сизни кўра олмайдиган, ёмон кўрадиган одамлар ҳам сизни ҳурмат қилишга, зўр ижодкор-да шу, дейишга мажбур бўлсин, деб ўргатганлар", - дейди актёр, хонанда Расулхон Қодирхонов.

Даволанинг дердик, даволанмас эдилар.
"Пойтахтга энди келган вақтимда илк марта учрашган инсоним, актёрим Мирза Азизов бўладилар. Уларни ‘Кўнгил’ сериали орқали барчамиз таниганмиз, яхши кўриб қолгандик. Ўша вақтларда тоғам раҳматли бўлиб қолган пайтлар эди. Онам ёлғиз катта қилгандилар, улар Урганчга ўқишга топшир, дегандилар. Мен Тошкентда ўқимоқчи бўлиб, Тошкентга ўқишга кираман, деганман. Мирза Азизовни кўрганимда сиз тоғамга ўхшаркансиз, деганман.

Айнан Мирза Азизовнинг тавсияси билан мусиқали драма факультетига топширганман. Шундай инсоннинг шогирди эканлигимдан ўзимни бахтли ҳис қиламан, аммо менга берилган имкониятдан жуда ҳам яхши фойдалана олмаганимдан афсусланаман. Хом сут эмган бандамиз-да барибир.

Саҳнага чиққанда қўрқоқлик одатим бор эди, қўрқманг, қўлингиздан келади, сиз эплайсиз, дердилар. Ўзингизга бўлган ишончни уйғотардилар. Мени илк марта саҳнага олиб чиққан устозим эдилар.

Мисрда 96 давлат иштирок этган катта гастрол концертга бордик. ‘Тўда’ деб номланган спектаклни саҳналаштиргандилар. У спектаклда яхшиликка ундовчи Камола исмли қиз ролини ижро этганман. Олий ўринларни олиб қайтганмиз.

Ҳали қиладиган ишлари жуда ҳам кўп эди. Театр ходимлари уларнинг оиласи эди. Оёқлари жуда қаттиқ оғришини билардим. Даволанинг дердик, даволанмас эдилар.

‘Қора булутлар’ сериалининг съёмка жараёнида мазалари йўқлиги ҳақида эшитиб қолдим. Бу хабарни эшитиб, устозга қайта-қайта телефон қилдим, телефонни олмадилар. Кейин аёлларига Telegram’дан смс ёзиб юбордим. Улардан жавоб келди. Яхшиман, Маърифатхон, устозингизга смс ёзсангиз, жавоб ёзадилар, дедилар. Устозга овозли хабар юборганимда «синглим, анча яхшиман», деб жавоб келди. Барча шогирдларингиз сизни яхши кўради, десам, Telegram’дан яхши деган белгини юбордилар.
Оилаларига сабр сўраб қоламан, Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, илоҳим", - дейди актриса Маърифат Ортиқова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Мирза Азизовнинг шогирдлари устози ҳақида йиғлаб гапирди (видео)