13:59 / 29.08.2021
2 564

Приянка Чопра Bvlgari брендининг янги махсус вакили бўлди

Приянка Чопра Bvlgari брендининг янги махсус вакили бўлди
Фото: Day & Night Magazine
Италиянинг Bvlgari бренди актриса ва продюсер сифатида фаолият юритадиган Приянка Чопра Жонасни ўзининг янги вакили деб эълон қилди. Бу ҳақда Elle нашри хабар беради. Юлдуз глобал элчи сифатида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтиришга эътибор берган ҳолда бренднинг жаҳондаги позициясини қўллаб-қувватлашни режалаштирган.

Кўплаб мукофотларнинг лауреати ҳисобланган Приянканинг арсеналида 60 дан ортиқ халқаро ва Голливуд фильмлари бор. Мухлислар уни яқин орада «Матрица 4» (2021 йил декабрь), «Сиз учун матн» (2022 йил февраль) фильмларида, шунингдек, «Қўрғон» (2022 йилнинг сўнгида) сериалида кўриши мумкин.

Чопра Жонас шу билан бирга ЮНИСЕФнинг кўнгилли элчиси ва Дэнни Кей мукофотининг лауреати, Global Citizen’нинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қизларнинг таълимига кўмаклашиш бўйича бир қатор тадбирларда иштирок этадиган элчиси саналади.

Актриса она Ҳиндистонида COVID-19’нинг иккинчи тўлқини авж олганда тиббий муассасалар, зарур асбоб-ускуналар ва эмлашни қўллаб-қувватлаш учун «Give India» нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда маблағ тўплаган. Жамғармага икки ҳафтадан камроқ вақт ичида мақсад қилиб мўлжалланган 1 миллион доллар келиб тушган ва жами сумма 3 миллион долларга кўтарилган.

Bvlgari ҳам Ҳиндистондаги COVID-19 вируси билан боғлиқ вазиятни енгиллаштиришга ёрдам бериш учун хайрия қилганини эълон қилган.

«Bvlgari’нинг муҳташам санъат намуналари мени ҳамиша ўзига мафтун ва шайдо қилган. Уларнинг аксарияти ватанимнинг қимматбаҳо бойликлари довруғини оламга ёяди. Биз Bvlgari’нинг ижод намуналарида ишлатиладиган кам учрайдиган ранг-баранг қимматбаҳо тошлардан тортиб, атирларнинг асосий таркибий қисмига айланган муаттар гуллар билан Ҳиндистонга бўлган севгимиз ва ундаги гўзалликни бирлаштирамиз», — деган Чопра хоним.

Шунингдек, у ўзининг юксак ижтимоий масъулиятини англайдиган брендлар билан ҳамкорлик қилишга уринишини қўшимча қилган. «Bvlgari бутун дунёдаги муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга катта ҳисса қўшган ва мен ушбу лойиҳаларни давом эттириш учун биргаликда ишлашни сабрсизлик билан кутмоқдаман», — деб таъкидлаган Приянка. Аввалроқ актрисанинг Max Factor брендининг халқаро амбассадори бўлгани ҳақида хабар берилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Приянка Чопра Bvlgari брендининг янги махсус вакили бўлди