Приянка Чопра 44 ёшда - буллингга учраган қиз қандай қилиб Голливуд юлдузига айланди?

Ҳиндистонлик машҳур актриса Приянка Чопра 18 июль куни 44 ёшни қаршилади. Бир пайтлар криминал психолог бўлишни орзу қилган, АҚШда буллинг ва ирқий камситишларга дуч келган қиз кейинчалик нафақат Болливуд, балки Голливуднинг ҳам энг машҳур юлдузларидан бирига айланди.

Приянка 1982 йилда ҳарбий шифокорлар оиласида таваллуд топган. Ота-онасининг хизмати сабабли у Ҳиндистоннинг турли шаҳарларида яшаб, кейинчалик АҚШда ҳам таҳсил олган. Америкада ўқиган йилларида ирқий камситишлар ва ҳақоратларга дуч келгани унинг ҳаётидаги энг оғир синовлардан бири бўлган.
Мактабни тугатгач, у дастурчи ёки криминал психолог бўлишни режалаштирган. Аммо онаси унинг суратларини яширинча Femina Miss India танловига юборгани ҳаётини бутунлай ўзгартирди. Орадан кўп ўтмай Приянка «Дунё гўзали — 2000» унвонини қўлга киритди.

Актриса кино фаолиятини 2002 йилда бошлади. Унга ҳақиқий шуҳрат «Андоз», «Эътироз», «Барфи!», «Мери Ком», «Дон 2» ва «Криш 3» каби фильмлар орқали келди. Унинг кучли ижролари бир нечта Миллий кино мукофоти ва Filmfare совринларини олиб келди.
2015 йилдан бошлаб Приянка Голливудда ҳам муваффақият қозона бошлади. У «Quantico» сериали орқали Америка телевидениесида бош ролни ижро этган илк жанубий осиёлик актрисага айланди. Кейинчалик «Малибу қутқарувчилари», «Матрица: Тирилиш» ва «Citadel» каби йирик лойиҳаларда қатнашиб, халқаро миқёсдаги юлдуз сифатида танилди.
Бугунги кунда Приянка Чопра нафақат актриса, балки продюсер ва тадбиркор сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Унинг ютуқлари Forbes'нинг дунёнинг энг таъсирли аёллари рейтингига кириши ҳамда Ҳиндистоннинг нуфузли Падма Шри мукофоти билан тақдирланишига сабаб бўлди.

Приянка Чопранинг америкалик хонанда ва актёр Ник Жонас билан муносабати ижтимоий тармоқлардаги мулоқотдан бошланган. Орадан кўп ўтмай улар учрашишни бошлади ва 2018 йилда Ник Жонас Крит оролида саёҳат пайтида Приянкага турмуш қуриш таклифини қилди.

2022 йилда жуфтлик суррогат она ёрдамида қиз фарзандли бўлди. Улар чақалоққа Малти Мари Чопра Жонас деб исм қўйишди. Қизалоқ муддатидан олдин туғилгани учун қарийб 100 кун давомида янги туғилган чақалоқлар реанимация бўлимида даволанди. Кейинчалик Приянка ва Ник бу даврни ҳаётларидаги энг оғир синовлардан бири деб аташди.

Бугунги кунда Приянка Чопра оиласи билан АҚШда яшайди. У кино ва продюсерлик фаолиятини давом эттирар экан, фарзанди тарбиясига ҳам катта эътибор қаратади. Актриса ижтимоий тармоқларда турмуш ўртоғи ва қизи билан тушган суратларни тез-тез улашиб, оиласи унинг энг катта бахти эканини таъкидлаб келади.






























Изоҳлар 0
…