21:33 / 11.03.2022
1 952

Ҳалима Юлдуз Усмонова жамоасидаги ўрни ҳақида гапирди

Ҳалима Юлдуз Усмонова жамоасидаги ўрни ҳақида гапирди
«Дарё» мухбири Наргизахон Муродова Юлдуз Усмонованинг бу йилги концерти олдидан ўтказилган репетиция жараёнларида иштирок этди. У хонанданинг доимий ҳамроҳи актриса Ҳалима Ибрагимова билан суҳбатда бўлиб, мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб олди.

— Юлдуз Усмонова билан юриш фақат ресторанларга бирга бориш, яхши кунларида ёнида туриш дегани эмас. Опа-сингилчилик ҳам, иш ҳам ўз йўлига. Юлдуз Усмонова билан ўртамизда ишонч ҳам бор. Ишончни суиистеъмол қилмаган ҳолда ишлашга ҳаракат қиламан.

Ўтган йилги концерт арафасида опа муҳим топшириқни айтдилар. Концерт саҳнасини икки қисмга ажратганмиз. Чап томондан туриб, Юлдуз опам ва раққосаларнинг вақтида саҳнага чиқишига камина масъулман. Ўнг томонда эса чироқ, овоз кучайтириш ва созандаларнинг иштирокини Мансур ака назорат қилиб туради.

Ошхонада овқат қилсангиз, одамлар мазали овқатни кўришади. Аммо унгача бўлган жараён ва бесаранжомликни билишмайди. Мен ва Мансур ака ҳам саҳна ортидаги тартибсизликни халққа кўрсатмасликка ҳаракат қиламиз. Чунки саҳна ортида ҳам кутилмаган вазиятлар бўлиб қолиши, кимдир қандайдир сабаб билан кеч келиши мумкин.

Юлдуз опам жуда масъулиятли ижодкор. Кеча ҳам 8 март арафасида янги қўшиқ премьераси бўлиши керак эди. Аксига олиб, ресторан гаплашиш эсимиздан чиқиб қолибди. Ҳеч қаердан жой тополмадик. Шунда «Ҳаммани уйга йиғ, ўзим овқат қилиб бераман», дейди. Қанақа чарчамайдиган хотинсиз, деб роса кулдик.

Юлдуз Усмонованинг жамоасида ҳеч ким «мен чироқчиман» ёки «мен созандаман» деб турмайди. Ҳамма қўлидан келган ишни қилиб, бир-бирига ёрдам беради.

Ишнинг ўз вақтида бажарилишини яхши кўраман. Опа ҳам худди шундай. Баъзан бақир-чақир қилиб бўлса-да, ишни ўз вақтида бажаришларини талаб қилсам, Юлдуз опа индамайди. «Ҳалимадан бошқа ҳеч ким эплай олмасди», дейди. Уришиб, бақириб бўлса-да, ишни ўз вақтида бажаришларини талаб қиламан.

Тегмаганга тегмайман, асабимга тегган инсон билан охиригача курашаман. Юлдуз опада ҳам худди шу феъл-атвор бор. Шу жиҳатдан олиб қараганда феълимиз бир-бирига ўхшайди. Баъзан асабийлашсалар, «менга қўйиб беринг ўзим гаплашиб қўяман», дейман.

Юлдуз Усмонова билан ишлаш маза, фақат машаққатига чидаш керак. Баъзан интернет орқали «ҳар доим Усмонованинг ёнидасиз, қиладиган бошқа ишингиз йўқми?» деган гаплар ҳам ёзишади. Мен жамоанинг расмий аъзосиман. Концертда ҳам режиссёр ёрдамчиси сифатида ишлаяпман. Вақти келса, қўшиқлар учун таклиф киритаман, шеърларни тавсия қиламан. У инсонни қаттиқ ҳурмат қиламан.

Менимча, беш вақт намоз ўқиб, Аллоҳдан куч-ғайрат сўраганлари учун шу даражага етяптилар, деб ўйлайман. Юлдуз опа оддий ҳаёт кечиради, мен санъаткорман деб, ўзига ортиқча эътибор талаб қилмайди. Ҳатто баъзида гўзаллик салонига бормайди. Қолган кунлари ҳамма қатори юрадилар. Юлдуз опа ёга билан шуғулланади, руҳий жиҳатдан ўзини тинчлантиришни яхши билади, - дейди Юлдуз Усмонова концерт дастурининг режиссёр ёрдамчиси Ҳалима Ибрагимова.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ҳалима Юлдуз Усмонова жамоасидаги ўрни ҳақида гапирди