"Икки олам сарвари" китоби нашр этилди

  • Жамият
  • 30-03-2018, 00:39
  • 737
  • "Икки олам сарвари" китоби нашр этилди
    Сўнги йилларда юртимизда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини, сийратларини, ҳадиси шарифларини ёритишга қаратилган кўплаб асарлар ёзилмоқда ёҳуд таржима қилинмоқда.

    Ана шундай асарлардан бири марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг устозларидан бири Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг “Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам – инсонул комил” китоби бўлиб, уни Тошкент Ислом институти ва “Кўкалдош” ўрта махсус Ислом билим юрти мударриси Ғиёссиддин Ҳабибуллоҳ ўзбек тилига “Икки олам сарвари” номи остида таржима қилиб, нашрга таёрлаган. Куни кеча мазкур китоб “Ҳилол-нашр” нашриёти томонидан чоп этилиб, халқимизга тақдим этилди.

    Ушбу асар ҳар бир мўмин-мусулмон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва хулқларидан ибрат ола билиши ва ҳаётига татбиқ қилиши зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олган.

    Мазкур асар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоилларини ва пайғамбарлик тарихинигина эмас, балки буюк хулқларидаги инсонийлик, меҳр-шафқат ва юксак бағрикенглик фазилатларини очиб бера олгани билан ҳам ушбу йўналишдаги бошқа китоблардан ҳам алоҳида ажралиб туради. Шу билан бирга асарда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юртимиздаги кенг китобхонлар оммасига ҳали у қадар яхши таниш бўлмаган бинокорлик, тижорат, таълим-тарбия ва маданият соҳасида ўз умматларга берган тавсиялари ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилган.

    Бундан ташқари, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида содир бўлган воқеа-ҳодисаларнинг зоҳирий ва яширин ҳикматларига алоҳида урғу берилгани ҳам эътиборга сазовордир. Ишонамизки, китобни ўқиган ҳар бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун оламларга айни раҳмат бўлиб юборилганларини, Ислом динининг ҳам бутун инсониятга ҳидоят маёғи эканинини ўз-ўзидан англаб етади.

    Манба: Azon.uz

    » » "Икки олам сарвари" китоби нашр этилди
    Яндекс.Метрика