“Навбаҳор” клуби куни кеча Жасур Яхшибоевнинг трансферини эълон қилди. Шу тариқа, бу жамоа яна селекцияда фаоллигини кўрсатяпти.
Яхшибоевнинг Наманган жамоасига ўтиши чиндан ҳам муҳим воқеликлардан бири бўлди. Биз ушбу трансфер расман эълон қилинганидан кейин Наманганга бордик ва клуб базасида Жасур билан учрашдик. Айтиш мумкинки, Яхшибоев “Навбаҳор”га ўтгач, илк интервьюсини Sports.uz сайтига берди.
- Жасурбек, аввало “Навбаҳор” клубига хуш келибсиз! Бу таклиф сиз учун кутилмаганда бўлдими ёки воқеалар ривожи шунга қараб кетаётганмиди?
- Бу таклиф кутилмаганда бўлди. “Легия” билан шартномамни бузганимдан кейин бир-иккита вариантларни кўриб чиқаётгандик. Кейин Самвел ака Бабаян “Навбаҳор”га таклиф қилди. Бу йил клуб ўз олдига чемпионатда биринчи ўринни қўлга киритишни ва Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасига эга чиқишни мақсад қилганини айтди. Шу нарсаларни ўйлаб ҳам бу ерга келдим.
- Шундай қилиб, янги жамоангизга қўшилдингиз, бу ерда ҳамма сизни жуда илиқ қарши олди. “Навбаҳор”нинг биринчи даврадаги учрашувларидан хабардормидингиз? Янги клубга келиб, бу ерда кўрган-кечираётганларингиздан қандай таассурот оляпсиз?
- Жамоанинг натижаларини кўриб турдиму, лекин ўйинларини тўғрисини айтсам, кузатмагандим. Бу клубда ўзимга таниш футболчилар кўп. “Пахтакор”да олдин бирга тўп сурган Жамшид Искандеров, Жамшид Болтабоев, Даврон Ҳошимов сингари ўйинчилар бор. Улар билан янги жамоамга мослашишим осонроқ бўлади.
- Дарҳақиқат, “Легия”дан кетганингиздан сўнг сизга яхши таклифлар бўлаётгани ҳақида эшитгандим. Сир бўлмаса, қайси жамоалардан хизматингизга қизиқиш билдиришганди?
- Бу тўғрисида айта олмайман. Ҳозир айтсам, жуда кўп гап-сўзларга сабаб бўлади. Сир бўлиб қолаверсин.
- “Легия” билан шартномангизни бекор қилишингиз сабаби нима билан боғлиқ эди?
- У жамоада келажагимни кўра олмадим. Боиси, клубда жуда кўп мураббийлар алмашди. Ҳамма мураббийни ўзига яраша талаблари бор. Боя айтганимдек, “Легия”да келажагимни кўра олмаганим учун шартномамни бекор қилдик. Бу қароримдан афсусланмайман.
- “Навбаҳор” турнир жадвалида пешқадам бўлиб тургани учун ҳам жамоада иштиёқ бошқача. Самвел Бабаян ҳам қўл остидагиларни қандай руҳлантиришни билади. Янги клубга қўшилгач, ўзингизда қанақа иштиёқ пайдо бўляпти?
- Мисол учун бу ердаги мухлисларни яхши биламан. Янги жамоам сафидаги биринчи машғулотимдаёқ мухлислар жуда илиқ кутиб олишди. Бу ҳам футболчига алоҳида мотивация беради. Бундай муҳитда футболчи ишқибозларнинг ишончини оқлаш учун ўзини янада кўпроқ кўрсатгиси келади.
- Ўзбекистон чемпионатидан кетиб, легионер бўлиб ўйнадингиз ва яна қайтдингиз. Бу қайтишингизни қандай таърифлаган бўлардингиз?
- Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Лекин бу қайтишим Ўзбекистонда бутун умрга қолди, дегани эмас. Бундан аввал 2-3 ой жароҳат сабабли ўйнай олмагандим. Ўйин амалиётим камлиги учун кўп жамоалар ўз сафига қўшиб олишда барибир иккиланишади. Чунки футболчи учун ўйин амалиётисиз 2-3 ой катта муддат. Спорт формамни тиклаб олишим учун менга ўйин амалиёти ва ишонч билдирадиган мураббий керак эди. Шу сабабли “Навбаҳор”ни танладим.
- Илк легионерликдаги фаолиятингиз АГМКдан кетганингиздан кейин бошланганди. Орадан шунча вақт ўтиб, яна чемпионатимизда ўйнайсиз. Айтинг-чи, ўша пайтдаги Яхшибоев билан бугунги Яхшибоев ўртасида қанчалик фарқ бор?
- Албатта, у пайтдаги Яхшибоев билан ҳозирги Яхшибоевни анча фарқи бор. Масалан, илгари Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигасидек катта турнирларда ўйнамагандим. Ҳатто Осиё Чемпионлар лигасида ҳам тўлиқ ўйнамагандим. Легионер бўлгач, катта-катта турнирларни кўрдим ва ўйнадим. Албатта, бундай пайтда ўзингиз учун кўп нарса ўрганасиз. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди