15:43 / 17.08.2022
1 977

2 ўйиндаёқ Максим Шацкихнинг фикри ўзгарди

2 ўйиндаёқ Максим Шацкихнинг фикри ўзгарди
Ижтимоий тармоқларда “Пахтакор” бош мураббийи Максим Шацкихнинг “Сўғдиёна” билан ўйиндан кейин айтган фикрлари айланди. Унда мураббий ҳакамларга кескин тарзда эътироз билдириб, агар воқеалар шундай давом этса, бундай чемпионат билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа олмаслигини айтди.

Қизиқ, яқиндагина келган Шацкихнинг Суперлигамиз борасидаги фикрлари анча ижобий эди. Буни қаранг-ки, “шерлар” устозига айланганига кўп вақт бўлмаган Макснинг қарашлари ўзгарди. Нега? Бироз ортга қайтамиз.

25 июль куни “Пахтакор” клуби жамоага янги келган черногориялик ҳимоячи Илия Мартинович ва бош мураббий Максим Шацкихнинг таништирув маросимини ўтказди. Унда мураббий Суперлига ҳақида қуйидагиларни маълум қилганди.

- Чемпионат даражаси халқаро майдон орқали белгиланади. Лекин рақобат жиддий кечмоқда. Чемпионлик учун курашадиган жамоалар кўпайган. Демак, ҳаммаси тўғри йўлда кетмоқда. Умуман олганда, ҳар йили чемпионатни кузатиб келганман ва ҳаммаси тўғри йўлга қўйиляпти, деб ўйлайман, - деди Шацких.

Максим дастлабки расмий ўйинини “Динамо”га қарши ўтказди. Самарқандликлар билан беллашувда тошкентликлар 3:2 ҳисобидаги қийин ғалабага эришди. Шундан сўнг Шацких ҳакамлар манзилига ўзининг кичик эътирозларини билдирди.

- Одатда ҳакамлик ҳақида гапирмас эдим. Уларнинг ишига баҳо берадиган ташкилот мавжуд. ВАР ҳам бор. ВАРга вақтнинг кўп сарфланиши темпни туширади. Майдонда ҳакамнинг борлиги сезилмаслиги керак. Тезлик тушиб кетса, мухлислар ҳам зерикиб қолади, - деди Шацких.

Шундан сўнг “Пахтакор” 6 август куни 11-турдан қолдирилган баҳсда “Сўғдиёна” билан куч синашди. Жиззахдаги беллашувда “шерлар” 2:2 ҳисобида дуранг қайд этишди. Учрашувда пойтахтликлар вакили Одил Ҳамробеков қизил карточка олиб, майдондан четлатилди. Шунингдек, ўйин охирларида ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада меҳмонлар дарвозасига пенальти белгиланди. Ушбу воқеалардан сўнг Макс кескин фикр билдирди.

- Ҳакамлар ҳақида гапиришни ёқтирмайман, лекин шунга мажбур бўляпмиз. Негадир икки ўйиндан бери ақлга сиғмайдиган ишлар содир бўляпти. Бу ҳолатларни кўриб, муҳокама қиламиз.

Сиз Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига боришини хоҳлайсиз, лекин буни кутиб ёшингиз ўтиб кетади, набираларингизнинг ҳам кутишига тўғри келади. Футболга бўлган бундай муносабат ҳамда бу чемпионат билан мундиални анча кутишингизга тўғри келади. Шунинг учун буни орзу қилмасангиз ҳам бўлади
, - деди мураббий.

Максим Шацкихнинг таништирув маросмида чемпионат ҳақида айтган гаплари ижобий эди. Аммо келганига кўп вақт бўлмаган мураббийнинг футболимиз борасидаги фикри 2 ўйиндаёқ ўзгарди.

Умуман олганда, ҳар тур ҳакамлар мавзуга айланмоқда. Аммо ҳакамлар марказининг хулосаси барчага аён. Бир нарса аниқки, ҳакамлик ислоҳотларга муҳтож.

Яна бир неча кундан сўнг Суперлигада “йил ўйини” бўлиши кутилаётган “Навбаҳор” – “Пахтакор” беллашуви ўтказилади. Ушбу учрашувга энг яхши рефериларни қўйилиши керак. Чунки босим жуда юқори бўлади. Лекин қайси ҳакамни? Хато қилмаётган рефери қолдимикин?

Бекзод ИСАЕВ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » 2 ўйиндаёқ Максим Шацкихнинг фикри ўзгарди