14:45 / 24.09.2022
1 077

Лутфулла Тўраев: "Камерун ўйнамади, дейиш - бу ёлғон"

Лутфулла Тўраев: "Камерун ўйнамади, дейиш - бу ёлғон"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор Камерунга қарши майдонга тушди. Учрашувни кўриб, ҳамма “ўйнаса бўларкан-у”, деган бўлса ажаб эмас-а? Чиндан Сречко Катанец жамоаси жаҳон чемпионати иштирокчисига қарши пухта ишлаб чиқилган режа асосида тўп сурди. Мураббийнинг услуби ўйинда яққол билинди ва футболчилар тўлиқ унга амал қилишди.

Ана энди терма жамоамизнинг Камерундек рақибга қарши ажойиб ўйини ва ғалабасидан сўнг ижобий фикрлар ҳам билдирилмоқда. Балки 2:0 ҳисобидаги ғалабамизни кўпчилик кутмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин Хожимат Эркинов ва Остон Ўруновнинг голлари Ригобер Сонг бош мураббийлигидаги камерунликларни таслим қилиш учун етарли бўлди.

Ушбу учрашувдан кейин бир қанча ижобий фикрларни эшитяпмиз. Терма жамоамизнинг собиқ футболчиси ва ҳозирда “Нефтчи” клуби сардори Лутфулла Тўраев вакилларимизнинг Камерунга қарши ўйини тўғрисида шундай деди:

"Камерун терма жамоасига қарши яхши ўйин бўлишини кутгандим. Учрашувга ишлаб чиқилган тактика ҳам ўз кучини берди. Чиройли чиқди, ҳеч ким бу тактикани кутмаганди. Футболчилар охиригача курашишди ва меҳнат қилишди. Биламиз, Камерун ҳам кучли рақиб. Аммо биз томондан яхши тактика танлангани якунда ўз самарасини берди. Кўрган бўлсангиз, Камерун терма жамоаси 100 фоизли вазият ярата олмади. Терма жамоамизда ҳар бир футболчи ўз “зона”сини ёпиб, ўзига юклатилган вазифани тўлиқ бажардилар. Яхши ўйин билан табриклайман. Барча рақибга қарши мана шундай қўрқмасдан ўйнаш керак. Кейинги учрашувларда ҳам омад тилаймиз ва яна ғалаба кутиб қоламиз".

Камерун терма жамоасини мухлислар билишади. Улар бежизга Қатардаги мундиалга чиқишмаган. Қолаверса, олдинлари ҳам бу терма жамоани жаҳон чемпионатларида кўрганмиз. Мана шундай рақибга қарши баҳс эса шубҳасиз биз учун тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Терма жамоамизнинг ғалабасидан сўнг рақиб ўз даражасида ўйнамади, дея гапираётганлар ҳам бор. Бунга жавобан Тўраев қуйидагиларни айтди:

"Ҳар бир жамоа қандай ўйин кўрсатишидан қатъий назар ўша рақибга қараб ўйналади. Агар сиз бўш қўйиб берсангиз, рақибингиз ўйнайди. Агар барча “зона”ни ёпсангиз ҳар қандай жамоа ҳам қийналади. Камерун ўйнамади, дейиш бу ёлғон. Улар ҳам ўйнади, фақат бизникилар ўйнашига қўймади. Терма жамоамиз яхши ўйин намойиш этди. Мабодо, Камерун 2:0 ёки 3:0 га ютганида нима бўларди? Ўша Камерун ўйнамади, деганлар дарҳол бошқача гапиришга тушардилар. Терма жамоамиз яхши тайёргарлик кўрган экан, буни амалда кўрсатдилар. Балки қайсидир маънода рақиб бор кучини кўрсатмади, дейиш мумкиндир. Лекин Камерун ҳам ютишни жуда хоҳлаганди. Фақат учрашувда Камерундан кўра бизнинг йигитлар кучлироқ эди".

Учрашувгача Сречко Катанецга танқид тошлари ҳам отилгандек бўлди-а? Ўша сафар олдидан матбуот анжуманида айтган айрим фикрлари мухлис ва мутахассисларга ёқмади. Лекин барчаси майдонда ҳал бўлишини мураббий яна бир бор кўрсатиб қўйди. Тўғри, бу ўртоқлик ўйини, лекин терма жамоа иштирокидаги ҳар қандай беллашув муҳим ва айниқса рақиб янада жиддий бўлса! Биз Камерун билан учрашувда жамоамизнинг кучли жиҳатларини амалда яна бир карра кўриб олдик ва муҳими ўсиш бор. Олдинда Коста-Рикага қарши ўйинимиз ҳам турибди.

Ҳар бир мураббийга вақт берилиши керак. Мана, Катанец янгича тактикаларни жорий этяпти. Мураббийга Осиё чемпионатидан кейин баҳо берса бўлади. Ҳозир вақтли, у ўзи ўйлаган услубни амалга татбиқ этиши учун юқорида айтганимдек, вақт керак. Кейинчалик баҳо берса бўлади”, - дейди Лутфулла Тўраев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Лутфулла Тўраев: "Камерун ўйнамади, дейиш - бу ёлғон"