08:46 / 07.10.2022
1 076

Кимдир фаворит, кимдир аутсайдер ёхуд Суперлигани кузатяпсизми?

Кимдир фаворит, кимдир аутсайдер ёхуд Суперлигани кузатяпсизми?
Бугун Суперлигада 21-тур ўйинларига старт берилади. 7-9 октябрь кунлари сиз билан биз 7 та учрашувга гувоҳ бўламиз. “Металлург” – “Бунёдкор” жуфтлиги билан бошланадиган тур “Насаф” ҳамда “Сўғдиёна” қарама-қаршилиги билан якун топади. Мухлисларга яхши таниш бўлган мутахассис Шуҳрат Раҳмонқулов 21-тур жуфтликлари бўйича ўзининг фикрларини билдириб ўтди.

7 октябрь (жума)

“Металлург” – “Бунёдкор”

- “Металлург” ўз уйида ўйнайди. Ҳозирги пайтда ҳар иккала жамоада ҳам кайфият аъло даражада. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам менимча бу вазиятда тажриба роль ўйнайди. Назаримда, “Металлург” жамоаси ғолиб чиқса керак. Имкониятларни 60х40 деса ҳам бўлади. Лекин катта ҳисоб бўлмаса керак.

8 октябрь (шанба)

“Қўқон-1912” – “Локомотив”

- Иккала жамоа турнир жадвалида ёнма-ён турибди. “Қўқон-1912”га ҳам, “Локомотив”га ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Қўқонликлар “Сурхон”га қарши учрашувда ёмон ўйнамади. Фақат яратилган имкониятлардан фойдалана олмади. Рақиб эса аксинча вазиятларини голга айлантириб кетди. Ўйлашимча, бу ерда фаворит “Қўқон-1912” бўлса керак. Бу жамоада ҳам тажрибали ўйинчилар бисёр. Яна бир панд бераётган жиҳат шуки, “Қўқон-1912” ўз майдонида ўйнамаяпти. Барибир бу ўйинда ушбу клубнинг имкониятини юқори баҳолайман – 70х30.

АГМК – “Қизилқум”
- Ўйлайманки, АГМК ўз уйида анча-мунчага енгиладиган жамоа эмас. Уларда ҳам тўртликка киришга имконият бор. Адашмасам, бу икки клуб турнир жадвалида ёнма-ён кетяпти. АГМКга ҳам, “Қизилқум”га ҳам ғалаба зарур. Бу ерда фаворит кўпроқ АГМК. 60х40 сифатида мезбонларнинг имконияти кўпроқ. “Қизилқум”га албатта қийин бўлади. Юқорида айтганимдек, олмалиқликларни ўз майдонида енгиш қийин.

“Олимпик” – “Нефтчи”
- “Олимпик” ёш жамоа. Ҳар бир рақибга бош оғриқ жамоа бўлиб қолди. Ўйин тарафалама яхши таассурот қолдиришмоқда. Барибир уларга тажриба етишмайди. “Нефтчи”да эса тажриба бор. Табиийки, майдондаги ҳар икки клубнинг асосий мақсади ғалаба қозониш. “Нефтчи” охирги пайтларда ғалаба қозониб келаётгани учун кайфияти зўр. Очиғи, имкониятларни 50х50 баҳолайман. Дуранг бўлса керак.

9 октябрь (якшанба)

“Сурхон” – “Пахтакор”

- Албатта, бу жуфтликда фаворит сўзсиз “Пахтакор”. “Сурхон”га қараганда анча кучли. Барибир “Пахтакор” номи билан ҳам “Пахтакор”. Фикримча, бу жуфтликда айнан тошкентликлар ғалаба қозонади. Бу билан “Сурхон”га имконият йўқ демоқчи эмасман. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Мана, “Сурхон” “Қўқон-1912”га 2:0 га ютқазаётиб, 2:3 га ютишини ким билиб ўтирибди?! Ундан олдин “Сурхон” “Локомотив”ни ҳам ютди. Осон таслим бўладиган клублар йўқ. Охирги ўриндаги “Динамо” ҳам курашяпти. Шунинг учун қандайдир натижани олдиндан айтиш қийин. Бироқ биз фақат ўз тахминимизни билдиряпмиз. Шунинг учун “Сурхон” – “Пахтакор” жуфтлигида меҳмонлар фаворит ва шунга яраша фоиз ҳисобида имкониятлар 30х70.

“Навбаҳор” – “Динамо”
- Албатта, “Навбаҳор” ҳар томонлама “Динамо”дан кучли. Лекин бу футбол ва унда ҳар нарса бўлиши мумкин. Энг кўп тажрибали ўйинчилар “Навбаҳор”да йиғилган. “Бунёдкор” билан учрашувда ҳам ёмон ўйнашмади. Шунчаки, ўзи яратган имкониятларидан гол уролмади, “Бунёдкор” эса вазиятлардан фойдаланганди. Бу сафар “Навбаҳор” ўз уйидаги имкониятни қўлдан чиқармаса керак. 80х20 ҳисобида наманганликлар фаворит. “Динамо”да ўзгаришлар ва омадсизликлар бўлиб, кайфият унчалик яхши эмас. Ҳар бир мураббий ўзи бошидан жамоа йиғишни хоҳлайди. Шу сабабли Абрамовга қийин бўляпти. “Динамо”да вазият оғир.

“Насаф” – “Сўғдиёна”
- Мана бу жуда қизиқарли ўйин бўлади. Ҳақиқатан “Насаф” кучли жамоа. Кўп йиллардан бери футболчилар бир-бири билан ўйнаб келмоқда. Уларнинг ўз ўйин услуби бор. “Сўғдиёна” ОФК Кубогидаги учрашувда роса ҳаракат қилди, имкониятлардан фойдалана олмасдан охирида пенальтилар сериясида ютқазиб қўйди. “Насаф” билан учрашувгача жиззахликлар куч йиғиб олишади, вақт бор. Ўйлашимча, мазкур жуфтликда фаворит “Насаф”. Чемпионлик учун қаттиқ курашаётган қаршиликлар ўз майдонидаги имкониятни қўлдан чиқариб юбормаса керак. “Сўғдиёна”да балки бироз чарчоқ аломатлари сезилиши мумкин. Лекин иккала клубнинг ўйин услублари бошқача. Мураббийлар бир-бирига қанақа тактика қўллашини ҳозир билмаймиз. Имконият 60х40 “Насаф” ютса керак.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кимдир фаворит, кимдир аутсайдер ёхуд Суперлигани кузатяпсизми?