Хабарингиз бор, "Дангал" лойиҳасининг сўнгги сонида "Навбаҳор" жамоаси устози - Самвел Бабаян меҳмон бўлди ва кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Қизиқарли ўтган суҳбат давомида ўзбек футболининг бугунги ва яқин ўтмиши борасида кўплаб янгилклар ошкор бўлди. Суҳбатни томоша қилмаган мухлислар учун унинг матн кўринишида илиндик.
Нега интервьюлардан қочиши ҳақида
Очиғини айтганда, бу менинг катта камчилигим бўла қолсин, мен интервью беришни ёқтирмайман. Ҳамма нарса меъёрида бўлиши керак ва маълум бир мувозанат зарур. Чунки агар сиз ахборот маконида тез-тез кўзга ташлансангиз, бу одамларнинг ғашига тегади. Шунинг учун мен интервью беришни ёқтирмайман. Бу - а).
б) Нега мен айнан сизга интервью беришга рози бўлдим? - Мен ҳам ахборот маконини кузатиб бораман. Мен футбол ҳақида ёзадиган нашрлар, веб-сайтларга жуда қизиқаман. Менинг назаримда, бугунги кунда сизнинг веб-сайтингиз замонавий ва объектив. Боз устига, сиз доим интервью жараёнига, мулоқот жараёнига, тактикани ўрганиш ва футбол ҳақидаги маълумотларга ноу-хауларни жалб қилишга интиласиз. Шу боисдан мен сизга интервью беришга рози бўлдим.
Терма жамоада ишлаган даврлари ҳақида
Мен айтмоқчи бўлган биринчи нарса – ҳамма нарса таққослаганда яққолроқ кўзга ташланади. Албатта, ўша даврда жамоа мақсадга жуда яқин келган ва мухлисларимизда улкан умидлар уйғотгани учун ранжиш ҳам беқиёс бўлган. Шунинг учун ҳамма жуда катта танқидга учради.
Аммо агар сиз буни объектив қабул қилсангиз, дарҳақиқат, менга футболчиларимизнинг жуда ажойиб авлоди билан ишлаш насиб қилди, Ўша пайтда айтганим ва ҳозир ҳам такрорлай оладиганим, бу мамлакатимизнинг замонавий тарихидаги энг иқтидорли авлод.
Ҳа, бизга нималардир етишмади. Нима етишмади? – Қаердадир – омад, қаердадир айрим тактик қарорлар панд берди. Мен умуман футболни шунчаки ташқаридан кузатишдан бошқа нарсаларниям, ўша пайтдаги жараёнларни, нималар содир бўлганини биламан.
Шубҳасиз, менга Шомуродов етишмади. Ўшандаги ва ҳозирги Элдор тамомила бошқа-бошқа футболчи. Бугунги Шомуродов – экстра-класс ҳужумчи. Шунингдек, Сервер Жеперовнинг ёши ўтиб қолганини таассуф билан эслайман. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам у жамоага катта фойда келтирди.
Табиийки, таркибимиз салоҳияти етарли эмас эди. Ҳа, бизда асосий таркиб бор эди, лекин унинг ортида-чи? Мен, албатта, кескин рақобатни, барча позицияларда яхшироқ ўйинчилар бўлишини хоҳлардим. Яна бир бор таъкидламоқчиман, терма жамоада бўлган барча йигитлар, аслида, миллий футболимизнинг замонавий тарихидаги энг яхши авлод.
Агар ўшандаги таркибни ҳозиргиси билан солиштирадиган бўлсак, бугун ҳам биринчи скрипкани мен билан йигирма ёшида ўша терма жамоа таркибида дебют қилган, катта футболда дастлабки қадамларини ташлаётган йигитлар – Шукуров, Шомуродов, Машарипов ижро этишини кўриш мумкин. Ўша пайтда мен бу йигитларнинг истиқболи ва истеъдодини аниқлашда адашмаганим билан фахрланаман. Ҳатто йигирма ёшидаёқ таркибдан жой олишга лойиқ айнан шу йигитлар бугунги кунда ҳам терма жамоанинг тимсоли ва етакчилари бўлиб, уларнинг атрофида катта вазифаларни ҳал қилишга қодир жамоани шакллантириш мумкин. Афсуски, ўзбек футболи тарихида ёш йигитлар ёрқин порлаган, кейин эса қаергадир ғойиб бўлган ҳамда улар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмаган мисоллар кўп.
Жаҳон чемпионати саралашидаги омадсизлик ҳақида
Биласизми, футболда омад деган нарса бор. Бизга айнан у етишмаган. Учта учрашувда биз 85-дақиқада ва ундан кейин тўп ўтказиб юбордик. Бу айнан омадсизлик омили. Концентрацияни йўқотиш, чарчоқ каби футболга хос сабабларни олиб ташлайлик. Айрим ҳолатларда бор-йўғи омадсизлик бизга қаршилик қилган. Айтайлик, Азиз Ҳайдаров Шимолий Корея билан энг муҳим ўйинда берган зарбадан сўнг тўп тўсинга тегиб қайтган.
Мени энг кўп ранжитган нарса раҳбаримиз, федерация президенти Мираброр Зуфарович Усмоновнинг касаллиги эди. Бу умумий вазиятга ҳам таъсир қилди, чунки ташкилот билан боғлиқ кўплаб масалалар раҳбар орқали ҳал қилинарди. Улар терма жамоа ҳақида айниқса ғамхўрлик қилардилар, кўп ёрдам берардилар ва бизга уларнинг қўллаб-қувватлашлари етишмади. Афсуски, бу оғир дард эди. Даволанишларига катта эътибор берилди, кейин тикланиш жараёни кечди, бундай пайтда одам футбол билан шуғуллана олмасди.
Учинчиси, шубҳасиз, цикл бошида, мен жамоани қабул қилиб олганимда, бизда бўлган аҳиллик етишмади. Яна такрорлайман…
Яна бир бор такрорлайман: ахборот нашрлари, веб-сайтлар, каналларни бошқарган кўплаб одамлар, негадир терма жамоани танқид қилишга, миллий жамоани маънавий жиҳатдан йўқ қилишга астойдил киришдилар. Ваҳоланки бу жамоа, холисона олганда, яхшигина рақобатбардош эди, чунки биз корейслар билан тенгма-тенг баҳслашдик, эронликлар билан курашдик, деярли бир ярим миллиард аҳолиси бор Хитой терма жамоасини ортда қолдирдик... Негадир ўшанда танқид қилиш урфга айланганди. Оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган, муносиб жавоб қайтара оладиган довюрак йигитлар топилмагани жуда ёмон. Бу менга, қарорларимга мутлақо таъсир қилмади, лекин, афсуски, йигитларга руҳий зарба бўлди. Шунинг учун мен аҳиллик ҳақида гапиряпман.
Терма жамоада иш бошлаган кезларим мураббийлар, мухлислар, оммавий ахборот воситалари вакилларини йиғиб, шундай мурожаат қилгандим:
"Келинг, бирга бўлайлик, бу Бабаяннинг ғалабаси ёки муваффақияти эмас, бизнинг мамлакатимизнинг зафари бўлади, биз бу муваффақият билан фахрланиб юраамиз".
Аввалига ҳамма нарса яхши кечди, лекин битта мағлубият, битта муваффақиятсиз ўйиндан сўнг қўллаб-қувватлаш ўрнига айрим сайтлар атайлаб яксон қилишга уринди. Кейин гоҳ у-гоҳ бу ерда миш-мишлар урчиди: гўё биз кимгадир ён босарканмиз, қандайдир муносабатлар ёки қайсидир клубга содиқлик учун таркибга киритарканмиз. Йўқ, ҳеч қачон бундай нарса бўлмаган, чунки касбга муносабат бор. Мени таниган ҳар бир киши менинг касбимга, жонажон Ватанимга қанчалик содиқ эканлигимни жуда яхши билади.
Терма жамоанинг мураббийи бўла туриб, кимнидир қандайдир хизмати учун майдонга тушириш мантиқан вазиятга зид. Бир эслаб кўринг, менга яқин одамлар таркибдан жой ололмаган: масалан, Машарипов, Искандеров – менга ўзимнинг фарзандларимдек бўлиб қолишган, лекин улар ўша пайтда ўйнамаган. 35 ёшда бўлган Жеперов, 20 ёшида терма жамоа сафига қўшилган ва футболимиз осмонида ёрқин порлаган Шомуродов ўйнаган. Ҳа, улар профессионал фазилатлари туфайли ўйнашди. Йигитларга уларнинг вақти келишини тушунтирдим ва адашмадим. Бири (Искандеров) бугунги кунда мамлакатнинг энг яхши футболчиси, иккинчиси (Машарипов) Осиёда футболимизнинг муносиб вакили.
Бизга айнан аҳиллик етишмайди. Бундай пайтда мамлакат жамоага айланиши, жамоа эса мамлакат бўлиши керак. Бу муваффақият қозонишнинг ягона йўли, бошқа йўл йўқ. Мен ўша даврда шундай бирлаштирувчи омил ва матбуот вакилларининг қўллаб-қувватлаши бўлишини хоҳлардим.
Омадсизликни қандай қабул қилди?
Биринчидан, такрор айтаман, эҳтимол олдин ҳам айтгандирман, ўшанда бирор нарса ҳақида гапириш учун ҳис-туйғулар йўқ эди, чунки орзу саробга айланганди, ҳаёт маъносини тортиб олишганди, миллионлаб одамларнинг орзуси... Яна нима ҳақида гапириш керак? Тактика ҳақидами? Мен ўшанда чиққанимдан сўнг терма жамоа матбуот хизмати мухлисларга мурожаатимни эълон қилди. Мен кечирим сўрадим, келажакда муваффақият тиладим, лекин гапирадиган ҳеч нарса йўқ эди, ўша лаҳзада ичимга чироқ ёқса ёришмасди, кимнидир эътиборсиз қолдириш ниятим бўлмаган... Мен келдим, агар ҳурмат қилмаганимда, назар-писанд қилмаганимда келмаслигим мумкин эди.
Биласизми, ўша матбуот анжуманида шунчаки қўпорувчилик ниятидаги одамлар бўлиб, уларнинг мақсади терма жамоа муваффақиятли ўйнамаслиги эди. Шундай қилиб, улар ўша матбуот анжуманида ўзларини кўрсатдилар, ақли расо одам мени тушуниши керак.
Бундан ташқари, мен барча мухлислардан кечирим сўраганимдан сўнг, ҳақиқатни айтишдан қўрқмадим, келажакда муваффақиятлар тиладим. Нима учун? Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам терма жамоа – бу мамлакат бойлиги, тарихи, халқнинг, хусусан, энг яхшиларга тенглашишни орзу қилган ёш авлоднинг кайфияти, ҳам терма жамоа, ҳам умуман футбол – бу ўта жиддий ижтимоий ҳодиса, боз устига халқ наздида айнан терма жамоа футболнинг тимсолидир. Шунинг учун мен футбол билан яшаётганимиз боис ҳамма фикр-мулоҳазаларимни изҳор қилдим, фақат ўйиндан кейин матбуот котибимиз орқали.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг