08:38 / 02.07.2023
131

Самвел Бабаян: "Иккинчи даврада таркибимизни янада кучайтиришни истаймиз"

Самвел Бабаян: "Иккинчи даврада таркибимизни янада кучайтиришни истаймиз"

"Навбаҳор" ҳамда "Бухоро" ўртасидаги Суперлиганинг қолдирилган 8-тур ўйинидан (1:0) сўнг мезбон жамоа устози Самвел Бабаян матбуот анжуманида иштирок этди.

- Хайрли оқшом! Ғалаба муҳим эди. Аввало, “Навбаҳор” мухлисларини қўлга киритилган ушбу ғалаба билан табриклайман. Турнир жадвали нуқтаи назаридан ҳам бу ютуқ биз учун ўта муҳим аҳамият касб этарди. Албатта, биринчи навбатда йигитларга алоҳида миннатдорлик билдиришим керак. Чунки рақиб бугун ҳимояда кескин ўйин кўрсатди. Бундан ташқари, улар баҳс давомида симуляция ишлатган ҳолда ва ўзларини қониқтирадиган дуранг натижани сақлаб қолиш мақсадида тўп сурдилар. Аммо йигитларимизга қойил. Улар ҳаво ҳарорати юқори бўлиши ва рақиб таклиф этган бундай кескин ўйин маромини кўтара олдилар. Айтишим керакки, учрашув тақдирини биринчи бўлимдаёқ ҳал қилишимиз мумкин эди. Чунки кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтирдик. Афсуски, улардан фойдаланишда анча оқсадик. Бундай кескин курашда уч очколик бўлганимиз ғалабанинг қийматини шак-шубҳасиз оширади.

- Чемпионлик учун кураш жиддий кечяпти. “Навбаҳор” яна пешқадамга айланиб олди. Аммо “Пахтакор” ва “Насаф”да захира ўйинлари мавжуд ва улар ёзги селекцияда таркибларини кучайтиришлари турган гап...

  • Албатта, гапингизда жон бор. Сиз айтган иккала жамоа чемпионат медалларига муносибдир. Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам биз қўл қовуштириб ўтирмоқчи эмасмиз. Асосийси, биринчи даврадаги қувонарли ҳолат руҳиятимизни кўтариб юборди. Энди танаффусда селекция борасида ишламоқчимиз. Бу – футбол. Президентимиз кўрсатмасига биноан юртимиз футболига инвестиция киритилмоқда. Шунинг ҳисобига жамоаларнинг материал техник ҳолати анча яхши бўлиб бормоқда. Бу эса ўз ўрнида биз учун клубга яхши футболчиларни таклиф этиш имконини беради. Чемпионатимиздаги рақобат айнан шу жиҳат эвазига кучаяди. Уни қизиқарли қилиши тайин.
  • Биз ўзининг самарасини берган бундай ҳолатни ўтган мавсум мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Негаки, ўтган йили чемпионлик тожи учун кураш охирги турга қадар кечди. Бугунги кунда таркибимиз анча шаклланган дейишим мумкин. Айниқса, ёшларимиз жуда қобилиятли. Масалан, U-17 терма жамоамиз жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган бўлса, унинг таркибида “Навбаҳор”дан 4 та вакил бор. Улар энди адашмасам, Индонезияда бўлиб ўтадиган мундиалда юртимиз шаънини ҳимоя қилишади. Шундай бўлса-да, селекция ишларини бир четга суриб қўймоқчи эмаслигимизни айтиб ўтмоқчиман.

- “Навбаҳор”да голли имкониятлар кўп бўлди, бироқ улардан етарлича фойдалана олмаяпти...

- Албатта, хавфли вазиятлардан фойдаланиш чоғида шошма-шошарлик кўзга ташланиб қолди. Наманганда ўйнашда босим бор, буни ҳар бир футболчи ҳис қилади. Табиий жараён кечмоқда. Бундай босим остида вазифани бажара оладиларми ёки йўқми, буниси маҳоратга боғлиқ. Ишимизда ҳам камчилик бўлиши мумкин. Лекин футболчиларимизга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Агар вазиятлардан анчагача фойдалана олмаган бўлсак, катта куч билан рақибни қийин аҳволга сола олдик. Шунинг эвазига рақиб охир-оқибат дарвозасидан гол ўтказиб юборди.

- Остон Ўрунов билан Даврон Ҳошимов қайдномада ҳам йўқ эдилар. Улар ҳақида маълумот бера оласизми?

- Ўруновга келсак, унда жароҳат борлиги учун таваккал қилиб ўтирмадик. Тўғри, у даволаниб бўлди ва машғулотларга киришди. Аммо юқорида айтганимдек, таваккал қилишни истамадик. Албатта, бугун бизга Остон ва шунингдек, Даврон Ҳошимов етишмади. Биласиз, улар бизнинг етакчи футболчиларимиз саналишади. Давронда сариқ карточкалари тўпланиб қолгани учун бу учрашувни ўтказиб юборди. Худо хоҳласа, иккинчи давра ўйинлари учун иккаласи ҳам сафга қайтади.

- Ёзги селекцияда қандай ўзгаришлар бўлади? Кимларни таклиф қилмоқчисиз?

- Юқорида бежизга селекция борасида тўхталиб ўтганим йўқ. Бу масалада иш бошлаб юборганмиз. Кимларни таклиф қилмоқчисиз, дейсизми? Келинг, бу сир бўла қолсин. Чунки илгари ҳам сенсацион баёнот бериб, кейинчалик кўзланган футболчини олиб келишнинг имкони топилмагани етарлича кузатилган. Баъзи-бир жамоалар биз алоқада бўлган ўйинчиларни илиб кетган вазият ҳам бўлган. Шунинг учун фақат сабр қилайлик. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Қачонки, янгилик бўлса, матбуот котибимиз эълон қилади. Айтишим керакки, ёш футболчиларимизга ҳам имконият бериш устида ишлаяпмиз. "Навбаҳор"да оптимал бюджет бор, имкониятимиз етарли ва бу ерда бир қанча таркибга киришни истайдиган иқтидорли йигитлар ҳам бор. Шунинг учун ёшларга кўпроқ эътибор қаратмоқчимиз.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Самвел Бабаян: "Иккинчи даврада таркибимизни янада кучайтиришни истаймиз"