Ўзбекистон U-17 терма жамоаси дарвозабони Муҳаммадюсуф Собиров Францияга қарши учрашув олдидан ўз фикрларини билдирди.
— Францияга қарши ўйин ҳақида...
— Эртанги учрашувга тайёрмиз. Барча жамоадошларим Англияга қарши учрашувдаги каби бирдам бўлиб, эртанги баҳсни ўз фойдамизга ҳал қилиш ниятидамиз. Худо хоҳласа, ярим финал йўлланмасига эга чиқиб, янги тарих ёзишни мақсад қиляпмиз.
— Тикланиш жараёни ҳақида...
— Мураббийларимиз Англия қарши ўйин тугаши биланоқ тикланиш жараёнини бошлаб юборишганди. Ғалаба қозонганимиз яхши, лекин шу билан берилиб, кейинги ўйинга тайёргарликни унутмаслик кераклигини тушунтиришди. Қисқа муддатда босқичма-босқич тикланиш машқлари устида ишлаб бордик. Барча жамоадошларим эртанги учрашувга тайёр.
— Ўйин пеналтилар сериясига бориши мумкинми ва шахсан ўзингиз ҳам тайёргарлик кўряпсизми?
— Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Биз ҳар қандай ҳолатга ҳам тайёргарлик кўряпмиз.
— Мураббийнинг кўрсатмалари ҳақида...
— Машғулотлар давомида бош мураббийимиз қўл остида шуғулланяпмиз. Эртага трибунада бўлса ҳам бевосита ўйинда иштирок этадилар. Шу сабабли бу бизга у қадар катта муаммо туғдирмайди, деб ўйлайман. Худо хоҳласа, эртага ўйинда ғалаба қозониб, Жамолиддин акани ҳам хурсанд қилмоқчимиз. Шу фурсатдан фойдаланиб бизни қўллаб-қувватлаб турган барча Ватандошларимизга раҳмат айтмоқчиман.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг