17:31 / 12.08.2024
387

Париж—2024. Ўзбекистон спортида янги саҳифа очган мусобақа тафсилоти

Париж—2024. Ўзбекистон спортида янги саҳифа очган мусобақа тафсилоти
Париж Олимпиадаси Ўзбекистон делегацияси учун омадли келди. Биринчидан, Ўзбекистон делегацияси биринчи бор ўз тарихидаги энг катта таркиб билан мусобақаларга киришди.

Фото: Olympic
Бундан ташқари, ўз тарихида биринчи бор жамоавий спорт турларида Олимпиадага йўл олди. Ўзбекистон U-23 жамоаси Осиё чемпионатида финалга йўл олиб мамлакат тарихида илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.

Ўзбекистон ушбу Олимпиадада 13 та медалга эга чиқди. 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган Олимпиячилар умумжамоа ҳисобида 13-ўринни қайд этди. Ушбу натижа ҳам Олимпиадалар тарихидаги энг яхшиси ҳисобланади.

Бунгача ўзбекистонликларнинг энг яхши натижаси Риода қайд этилган. Ўшанда мамлакатимиз 21-ўриндан жой олган эди.

Фото: Google Images
Ўзбекистон боксчилари жаҳонда тенгсиз

Ўзбекистон бокс терма жамоаси мамлакатга бешта олтин медални олиб келди. Бу натижа ҳам тарихий аҳамиятга эга. Ҳали ҳеч қайси жамоа бундай кичик таркиб билан 5 та олтин медални қўлга киритмаган.

Фото: Olympic
Ўзбекистон бокс делегацияси Риода ҳам етакчиликни қўлга киритган эди, бу сафар ҳам Ўзбекистон бокс дунёсида тенгсиз эканини исботлади.

Ўзбек аёлларидан навбатдаги рекорд

Ҳозиргача ўзбек аёллари ҳеч қачон Олимпиада олтин медалини қўлга киритмаган эди. Диёра Келдиёрова бу нохуш анъанани йўққа чиқарди ва энг кучли спортчиларни мағлуб этиб, диёримиз учун олтин медални тақдим этган биринчи аёл спортчига айланди.

Светлана Осипованинг таэквондо бўйича мусобақадаги кумуш медали эса ўзбек аёл спортчиларининг Олимпиадалар тарихидаги энг яхши натижасини қайд этишга ёрдам берди.

Янги спорт турларидаги дебют

Юқорида қайд этилганидек жамоавий спорт тури ҳисобланган футболда Ўзбекистон биринчи бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.

Бундан ташқари сувга сакраш, камондан отиш ва аёллар кураши бўйича мамлакат спортчилари илк бор 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қатнашиш имконига эга бўлди.

Икки карра чемпионлар

Бокс бўйича мусобақаларда Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўстматов ва таэквондочи Улуғбек Рашитов Олимпиадада ўзларининг иккинчи олтин медалини қўлга киритди.

Шу пайтгача энг яхши натижа Артур Таймазовга тегишли эди. У Ўзбекистон сафида 1 та олтин ва битта кумуш медални қўлга киритган.

Янги тарих яратилди

Ўзбекистон делегацияси жаҳонда 13-ўринда қайд этилди. Ушбу натижа МДҲ мамлакатлари, Марказий Осиё давлатлари, Туркий давлатлар ичида энг яхшиси ҳисобланади.

Фото: Olympic
МДҲ давлатлари ичида Озарбайжон (2+2+3) ҳамда Қозоғистон (1+3+3) кучли учликни якунлаб берди. Россия ва Беларусь делегацияси мусобақаларда қатнашмади.

Марказий Осиёда Ўзбекистондан кейинги ўринларни Қозоғистон (1+3+3) ҳамда Қирғизистон (0+2+4) жамоалари эгаллади.

Осиё мамлакатлари орасида тўртинчи ўрин: Ўзбекистон Осиё мамлакатлари орасида фақат Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин, 4-ўринни эгаллади.

Эсда қолган вазиятлар

Мусобақанинг дастлабки кунларидан ўзбек спортчилари мусобақанинг кун мавзусига айланиб олди. Диёра Келдиёрова 5 йилдан бери мағлуб бўлмаган Ута Абени мағлуб этиб, якунда олтин медални қўлга киритгани дзюдо, умуман спорт оламидагиларни ҳайрон қолдирди.

Футбол мусобақасида Ўзбекистон U-23 жамоасига омад кулиб боқмади, аммо ўзбек футболчилари кўпчиликнинг меҳрини қозонди.

Ситора Турдибекова 2023 йил Жаҳон чемпионати баҳсларидан четлатилган Лин Ю Тинга қарши баҳс олиб борди. Жангдан сўнг Халқаро бокс федерацияси Иман Ҳалиф ва Лин Ю Тинга қарши жанг қилган боксчиларга 50 минг АҚШ доллари пул мукофоти эълон қилди.

Ўзбекистон бокс жамоаси Парижга йиғилган барчанинг кўнглидан жой олди. Терма жамоанинг ҳар бир аъзоси бошқа юрт вакиллари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди, кўчаларда улар билан расмга тушишди, дастхатлар олинди.

Фото: Getty Images
Ўзбекистон делегациясига руҳий далда бериш учун катта жамоа Парижга етиб келди ва улар Францияни “забт этишди”. Кўчаларда ўзбек куй-қўшиқлари янгради. Ўзбек мухлислари байрам қилаётгани тармоқларда айланди ва бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатилди.

Улуғбек Рашитов жароҳат олган ҳолда бўлса-да, финал учрашувида ажойиб қатнашди ва олтин медални ўзиники қилди.

Дзюдочи Гулноза Матниёзова, Шарофиддин Болтабоев, юнон-рум курашчиси Рустам Ассакалов фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Олимпиаданинг икки карра чемпиони Баҳодир Жалолов профессионал боксга ўтганини эълон қилди.

Ўзбекистон бокс терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев юрак хуружига учради. Буюк Британия шифокорлари вақтида ёрдам бериб ҳаётини сақлаб қолди.

Фото: Olympic

Фото: Olympic
Париж Олимпиадаси ёпилиш маросимида Улуғбек Рашитов Ўзбекистон делегацияси байроқдори вазифасини бажарди. 11 август куни тунда ўзбекистонликлар учун ҳар томонлама омадли келган Олимпиада якунига етди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Париж—2024. Ўзбекистон спортида янги саҳифа очган мусобақа тафсилоти