22:02 / 10.01.2025
4

Элдор Шомуродовни “топ-5” лигадан кучли клуб чорлаяпти...

Элдор Шомуродовни “топ-5” лигадан кучли клуб чорлаяпти...
Қишки трансферлар ойнаси даврида Элдор Шомуродов фаолиятида ҳам ўзгариш бўлиши кутилмоқда. “Рома” бош мураббийи Клаудио Раньери ўзбек футболчисини келажакдаги режаларига киритмаган.

“Рома” 29 ёшли ҳужумчимиз ўрнини боса оладиган бошқа ижрочи қидирмоқда. Бироқ ҳали пойтахтликлар бу масалани ҳал қила олгани йўқ.

Рим клуби Шомуродов билан хайрлашишга тайёрлиги ҳақида маълумотлар чиқа бошлаганидан кейин легионеримизга “Комо”, “Салернитана”, “Венеция”, “Кальяри”, “Эмполи” каби бир неча маҳаллий клублар қизиқиш билдирди.

Айни пайтда Италиядаги даъвогар клублар сони учтага қисқарган. Шу билан бирга хориждан биринчи таклиф тушди.

- “Кальяри” спорт директори Нерео Бонато ўтган мавсумда жамоанинг юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолишга ҳисса қўшган Элдор Шомуродовни яна ортга қайтаришга уринмоқда. Унинг нишонида Виола Куаме ҳам бор. Лекин бу ўйинчини олиб келиш учун кетадиган маблағ сардинияликларга оғирлик қилаётгани боис ҳам асосий кутилаётган ҳужумчи Шомуродов ҳисобланади, - деб ёзмоқда cagliaritoday.it сайти.

- “Эмполи” кутаётган ўйинчиларнинг юқори қисмида ҳамон Элдор Шомуродов биринчилардан бўлиб турибди. Бу жамоа бош мураббийи Роберто Д’Аверса қўл остидаги ҳужумчиларнинг аксарияти янги аср авлоди эканини инобатга олган ҳолда ёш форвардлар ёнида Элдордек кўпни кўрган тажрибали ўйинчи бўлишини истамоқда, - деб ёзди sport.quotidiano.net манбаси.

- Шомуродов “Венеция” учун ҳам биринчи рақамли трансфер нишони бўлиб турибди. Венецияликлар яна бир ҳужумчи – Николас Бонфантини захира варианти сифатида кўрмоқда.

“Венеция” ўзбек легионерини олиш учун бир неча тўсиқларни енгиб ўтиши керак. Хусусан, “Рома”нинг Шомуродов трансфери бўйича талабини “Кальяри” ва “Эмполи” каби клублар ҳам бажара олмаяпти. Римликлар ўз ҳужумчисини кейинчалик сотиб олиш мажбурияти билан ижарага бермоқчи.

Бу орада Шомуродовга хориждан яхши таклиф чиқди. Бременнинг “Вердер” жамоаси Элдорни ўз сафига чорламоқда. Бу вазиятдан кўп нарса Шомуродовнинг танловига ҳам боғлиқ бўлади
, - деб маълумот берди trivenetogoal.it портали эксперти Дмитрий Канелло.

Таъкидлаш жоизки, Шомуродовни ўз сафида кўрмоқчи бўлаётган Италия жамоаларининг барчаси мусобақа жадвалининг иккинчи қисмида бормоқда. “Вердер” бу борада А Серия вакилларидан устун.

Бременликлар Германия чемпионатида 15-турдан кейин 25 очко жамғарган ҳолда “Майнц” ҳамда “Боруссия Дортмунд” билан бирга бешинчи ўринга даъвогарлик қилмоқда. Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи учинчи ва тўртинчи поғонада бораётган “Айнтрахт” ва “Лейпциг” билан орадаги фарқ атиги икки очкони ташкил қилади.

“Вердер” юқори ўринлар учун курашаётган бўлса-да ҳужум чизиғида кўп гол ура оладиган форвардга эҳтиёж сезмоқда. Бременликлар кучли еттиликдаги жамоалар орасида энг кам гол урган икки клубдан бири бўлиб турибди.

Таркибдаги тўрт нафар ҳужумчилардан 30 ёшли Марвин Дукш тўртта, Жастин Нжима иккита, Оливер Берк ва Кеке Топп биттадан тўп киритган холос.

Элдор Шомуродовга бу мавсум ҳам “Рома”да жуда кам ўйин вақти бериляпти. Легионеримиз А Серия, Италия кубоги ва Европа лигасида 14 маротаба майдонга тушиб, жами 305 дақиқа ўйнади холос. Майдонда ўтказган вақти камлигига қарамай, тажрибали форвард иккита гол ва битта ассист муаллифи бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт