Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродовнинг “Рома”даги келажаги ҳамон мавҳум бўлиб турибди.
29 ёшли ҳужумчи атрофидаги вазият жуда тез ва кутилмаган томонга ўзгармоқда. Аслида Элдор ёзги трансферлар якунланиши арафасида бошқа клубга ўтиши кутилганди. Унга АҚШ ва Италиянинг жамоаларидан аниқ таклифлар бўлганди.
Мавсум стартида “Рома”нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Даниэле де Росси ўзбек футболчиси ҳақидаги фикрини ўзгартириб, уни жамоада олиб қолишга қарор қилди. Бироқ кейинчалик клубда икки марта бош мураббий ўзгарди.
Бу орада Шомуродовга етарли даражада ўйин амалиёти берилмади. Клуб раҳбарияти янги марказий ҳужумчи олиш мақсадида Элдор Шомуродовни бошқа жамоага ўтказишга уринмоқда.
Ўзбек форварди учун “Эмполи”, “Кальяри” ва “Венеция” жиддий кураш олиб боряпти. Айниқса, венецияликлар Элдорни қўлга киритиш учун “Рома” қўйган талабни қабул қилиб, ўйинчини кейинчалик сотиб олиш мажбурияти билан ижарада ўйнатишга кўнгани бу клубни фаворитга айлантирди.
“Рома”нинг “Удинезе” майдонидаги учрашувнинг иккинчи бўлими Шомуродовнинг келажагига таъсир қилмоқда. Рим “бўрилари”нинг ҳужумига етакчилик қилган Элдор яна пойтахт клубига керак бўлиб қолди.
Бош мураббий Клаудио Раньери бу баҳсдан кейин ўзбек футболчисининг имкониятларини яхши билиши, унинг ишга садоқати ва лаёқати унга маъқул келаётгани, трансфер ҳақида гап-сўз бўлиши мумкинмаслиги, Шомуродовга имкон беришга тайёрлигини таъкидлади.
“Рома” фаолиятини ёритиб бораётган siamolaroma.it нашри Клаудио Раньери Шомуродовни “Венеция”га қўйиб юборишга шошилмаётганини маълум қилди.
- Элдор Шомуродов атрофидаги ғалати вазият ҳали ечим топгани йўқ. Ўзбек футболчиси “АЗ Алкмаар”га қарши ўйнамади ва жамоаси ютқазди. “Удинезе” устидан қозонилган ғалабада у муҳим роль ўйнади.
Ўзбек ҳужумчиси доим клубдан кетиш остонасида юради, лекин унинг трансфери сурилиши одат бўлиб қолмоқда.
“Рома” пайшанба куни Европа Лигаси доирасида “Айнтрахт” билан куч синашади. Элдор Шомуродов Франкфуртдаги ўйинда Клаудио Раньери жамоасига керак. У Германияда ўйнаши кераклиги боис, бу трансфер вақтинчалик бўлса-да, кечиктирилади, - деб ёзди siamolaroma.it нашри эксперти Федерико Тонини.
Яна бир нуфузли манба – Corriere dello Sport газетаси ҳам бу маълумотларни тасдиқлади.
- “Венеция” асосий ҳужумчиси Похьянпало кетиши билан, Элдор Шомуродовни кутиб олишга тайёр. Шунга қарамай, ўзбекистонлик легионер ҳозирча Тригорияда қолади. “Рома” ҳали Артём Довбикка муносиб ўринбосар олиб келинмагани учун Шомуродовни қўйиб юбора олмайди.
Қолаверса, бош мураббий Клаудио Раньери Элдорнинг ишга муносабатини мақтаб турибди. Тез орада тажрибали форварднинг келажагига ойдинлик киритилиши кутиляпти, - деб ёзди Corriere dello Sport газетаси.
Элдор Шомуродов жорий мавсумда барча турнирларда 16 маротаба майдонга тушиб, иккита гол ва битта ассист муаллифи бўлди. Transfermarkt портали ўзбекистонлик форварднинг трансфер суммасини 4 миллион еврога баҳоланмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар