Айни пайтда кўплаб клубларимиз Анталияда ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришмоқда ва назорат беллашувлари ҳам ташкил қилинмоқда.
Куни кеча “Андижон” Босния ва Герцеговина чемпиони – “Борас Баня-Лука” жамоасига қарши майдонга тушди. Ушбу учрашувни кўриш учун стадионга бир қанча футбол мутахассислари ташриф буюришди. Уларнинг орасида эса Улуғбек Асанбаев ҳам бор эди.
Уни яхши билсангиз керак, айниқса, яқинда Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га кўчиб ўтишида энг биринчи хабар айнан Асанбаевнинг Ҳусанов ва Гвардиола билан тушган сурати бутун дунёга тарқалгач, овоза бўлганди.
Футбол менежери сифатида фаолият юритаётган Улуғбек Асанбаевнинг Абдуқодирни Европага келишига ва хусусан “Манчестер Сити”га ўтишида ҳам хизмати бор.
Фурсатдан фойдаланган ҳолда “Андижон” – “Борас Баня-Лука” учрашувидан кейин Асанбаев билан қисқача суҳбатда бўлдик.
- Улуғбек ака, аввало “Андижон” иштирокидаги учрашувга баҳо берсангиз?
- Йиғин пайтида ҳисобга эътибор берилмайди. Асосийси, чемпионат бошланишига тайёргарлик кўриш қандай кетаётганига аҳамият қаратган маъқул. Шу билан бирга ўтган йилги ва ҳозирги “Андижон”ни бир-бирига таққослаб чиқиш керак бўлади. Бугунги “Андижон” олдингисига нисбатан катта ўсишга эришган. Бундан кейин ҳам вилоят раҳбарияти, ҳомийлар ва мухлислар клубга янада кўпроқ эътибор қаратишадиган бўлишса, “Андижон” тез орада байроқдор жамоалардан бири даражасига чиқади.
- Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери бўйича жуда кўп гапирилди. Бу хусусида нима деган бўлардингиз?
- Абдуқодир Ҳусанов билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталиб ўтмоқчи эмасман. Нега деганда, унинг “Манчестер Сити”га кўчиб ўтиши борасида кичик фильм тайёрланяпти. Унда ҳаммаси қай тарзда рўй бергани, бу хусусидаги интервью ва мулоҳазалар баён этилади. Мухлислар шуни кўриб, ҳаммасини ўзлари билиб оладилар.
- Футболчимиз дебютини “Челси”га қарши ўтказди ва нималар бўлганини ҳамма кўрди. Сизнинг муносабатингиз қандай?
- Бу - Гвардиола! Унинг пуллари жуда ҳам кўп. Шу сабаб у нимани истаётган бўлса, шуни амалга ошираверади. Футболчининг қандайлигини билиш муҳим. Гвардиола охирги 20 кун давомида тузукроқ тайёргарлик кўрмаган футболчини “Челси”дек кучли рақибга қарши баҳсга қўйди. Ўйлайманки, бир йилдан кейин Ҳусанов жаҳоннинг энг зўр ўн ҳимоячиларидан бирига айланади.
- Нима деб ўйлайсиз, Ҳусанов орқали энди Гвардиола ўзбек футболидан хабардор бўлиб боряптими?
- Гвардиола ўзбек эмас, инглиз футболини зўр билади! Агар у ўзбек футболчисининг Англия футболига мос келади, деган тўхтамга келган бўлса, демак, тўғри қарор қабул қилган. Худо насиб қилса, бу каби футболчиларимиз янада кўпайсин ва улар Англия, Испания ва Европадаги яна бошқа кучли чемпионатларда ўйнасинлар! Бунинг учун фақат астойдил ишлаш, академияларга кучли мутахассисларни жалб этиш керак.
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар