17:52 / 05.02.2025
1 957

Карло Анчелотти "Ман Сити" ва Абдуқодир Ҳусанов трансфери ҳақида гапирди

Карло Анчелотти "Ман Сити" ва Абдуқодир Ҳусанов трансфери ҳақида гапирди
Европанинг энг нуфузли мусобақаси – Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби бу гал турнирдаги юришини давом эттириш учун плей-оффнинг ўтиш ўйинида “Манчестер Сити”га тўқнаш келади.

Янги форматда ўтказилаётган мусобақа қоидасига кўра, умумий босқичда 36 та жамоа саккизтадан учрашувда иштирок этди. Дастлабки саккизта ўринни эгаллаган клублар нимчорак финалга чиқди.

9-24-ўринлар соҳиблари эса, ўтиш ўйинларида иштирок этадиган бўлди. 24-36-қаторларни банд этган жамоалар турнирдан чиқиб кетди.

Европа чемпионлар лигасининг янги форматида қийинчиликка дуч келган “Реал” умумий босқични 11-поғонада якунлади ва ўтиш ўйинида 22-ўриндан жой олган “Манчестер Сити”га рўбарў бўлди.

Биз учун аҳамиятли жиҳати шундаки, “шаҳарликлар” Европа Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида иштирок этиш учун янги ўйинчилар – Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс ва Умар Машмушни ҳам қайдномадан ўтказди.

“Реал” бош мураббийи Карло Анчелотти “Манчестер Сити” билан бўладиган иккита учрашув олдидан рақиб жамоанинг январда амалга оширган трансферларига муносабат билдирди.

- “Шаҳарликлар” қишки трансферлар вақтида янги ўйинчиларга 200 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлади.

Хосеп Гвардиола жамоаси сафига Абдуқодир Ҳусанов, Умар Мармуш, Витор Рейс, Нико Гонсалес қўшилди.

“Реал” мунтазам равишда жароҳатлар билан боғлиқ муаммога дуч келаётган бўлса-да, бирорта футболчи олгани йўқ. Лекин мен ҳозир буни муҳокама қилмоқчи эмасман. Бор эътиборимизни бошқа масалаларга қаратишимиз лозим, - деди Карло Анчелотти.

Таъкидлаш жоизки, мавсум бошидан бери ҳар икки жамоа бош мураббийлари таркиб танлашда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Карло Анчелотти жамоасида асосан ҳимоя чизиғи вакиллари тез-тез сафдан чиқиши одатий ҳолга айланди.

“Манчестер Сити” эса, мавсумнинг биринчи қисмида жуда катта инқирозни бошдан ўтказди. Хосеп Гвардиола муаммонинг ечими сифатида таркибда жиддий ўзгаришлар қилишни бошлади.

Январь ойида жамоага бир неча нафар ёш истеъдод эгалари таклиф этилди. Хусусан, Англиянинг амалдаги чемпионлари “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусановни олиш учун бонусларни қўшиб ҳисоблаганда 50 миллион евро харажат қилишига тўғри келди.

Энди “Реал” ва “Манчестер Сити” ўртасидаги Европа Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичидаги ўтиш ўйинлари 11 ва 19 февраль кунлари бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт