
“Манчестер Сити” сўнгги йилларда Англия футболининг гегемонига айланиб қолганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Жамоанинг тарихий натижаларида 2017 йилдан бери дарвозани муносиб қўриқлаб келаётган Эдерсоннинг хизматлари ҳам катта.
Бироқ жорий мавсумнинг биринчи ярмида юзага келган инқироз “Манчестер Сити”нинг кетма-кет беш маротаба Англия чемпиони бўлиш орзусини армонга айлантирди. Шундоқ ҳам Англия чемпионатлари тарихида Хосеп Гвардиола шогирдларидан бошқа ҳеч ким Премьер-лигада қаторасига тўрт маротаба ғолиб чиқмаган.
Наилож, “шаҳарликлар” ўз рекордларини яна бир карра яхшилаб қўйиш имкониятини қўлдан чиқариб бўлган.
Ноябрь ва декабрь ойларида рўй берган пасайиш ортидан анча толиққан, жароҳатлардан азият чекаётган ва ёши ўтиб қолган таркибга зудлик билан янги “қон қуйиш”ни талаб этарди. Ана шу мақсадда “Манчестер Сити” қишки трансферлар вақтида 181,5 миллион фунт сарфлаб, ўз сафига Абдуқодир Ҳусанов, Умар Мармуш, Нико Гонсалес ва Витор Рейсни қўшиб олди.
Айни пайтда “Сити”нинг асосий нишони – келаси мавсум учун Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишдан иборат. “Шаҳарликлар” етакчиси Эдерсон январдаги трансферлар бу борадаги режаларни амалга оширишда жамоага жуда қўл келаётганини алоҳида эътироф этди.
- Бу мавсум жамоада анчадан бери ўйнаётган футболчилар учун жуда бошқача ўтяпти. Айниқса, аввалги мавсумда эришган натижаларимизга таққосласак, бу мавсумнинг умуман бошқача кечаётгани янада аниқ кўринади. Жараён жуда қийин давом этмоқда, жароҳатлар кўп, индивидуал ҳаракатларимиз ҳам аввалгидек зўр чиққани йўқ.
Бу футбол. Унда ҳар доим ҳам ўзингни энг яхши томондан кўрсата олмайсан. Бу жамоавий спорт тури, бир киши етарли даражада ишламаса ҳам, оқибати дарров бўй кўрсатади. Жорий мавсумда яхши ҳолатдан кўра салбийсига кўп дуч келдик.
Бироқ мана шундай оғир мавсумда ҳам бешинчи ўринда боряпмиз ва Европа Чемпионлар лигасига чиқиш учун кучли тўртликка киришга курашяпмиз. Премьер-лигада ғолиб чиқиш имконини қўлдан чиқариб бўлдик, энди Чемпионлар лигаси ва Англия кубоги учун ҳаракат қилишимиз шарт.
Мана шундай ўзгача даврда январдаги трансферлар “Сити”га янги тоза ҳаво олиб кирди. Ҳаммаси ижобий кечди. Бизда жароҳатлар кўпайиб кетгани боис, таркибни кучайтириш эҳтиёжи бор эди. Ўйинлар сони кўп ва жароҳатланиш эҳтимоли 100 фоизга ошган.
Янги келган ўйинчилардан Абдуқодир Ҳусанов ажойиб футболчи экан, келиши билан жуда зўр ўйнаб кетди.
Бундан ташқари, Нико Гонсалес энг муҳим позицияга олиб келинди, унинг вазифаси ҳужум яратиш ва рақиб ҳамласини тўхтатишдан иборат. Умар Мармуш қўшимча энергия бағишлади. Витор Рейс ҳам келажаги порлоқ катта истеъдод эгаси эканини билдик.
Мен янги ўйинчиларнинг барчаси, хусусан клубга қайтган Клаудио Эчеверрининг жамоада эканидан жуда мамнунман. Бу футболчиларнинг таклиф этилиши келажакка қаратилган режалар амалга киритилаётганидан далолат беради, - деди Эдерсон.
Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”га кўчиб ўтганидан бери Англия Премьер-лигаси, Англия кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида жами 8 та учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига битта гол ҳам ёздириб қўйди.
Айни пайтда Тошкентда Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 2026 йилги жаҳон чемпионати минтақавий саралаш турнирида расмий учрашувларга тайёргарлик кўраётган 21 ёшли марказий ҳимоячининг Transfermarkt порталидаги нархи 35 миллион еврога кўтарилди.
Манба: Sports.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар