date
views 433

Шомуродов «Рома»нинг янги қаҳрамонига айланди: мухлислар ўзбек ҳужумчисини олқишламоқда

Шомуродов «Рома»нинг янги қаҳрамонига айланди: мухлислар ўзбек ҳужумчисини олқишламоқда
Таниқли ва тажрибали италиялик мутахассис Клаудио Раньерининг «Рома» клубидаги фаолиятини қайта бошлаши ўзбекистонлик форвард Элдор Шомуродовнинг карьерасида буткул янги саҳифа очди.

Жозе Моуриньо, Даниэле де Росси, Иван Юрич каби аввалги мураббийлар даврида деярли имконият берилмаган ва ўз иқтидорини намойиш этиш учун қийинчиликларга дуч келган Элдор, айни дамда жамоанинг асосий фигурасига айланди. Жорий мавсумнинг ҳал қилувчи палласида Раньери ўзбек футболчисига катта ишонч билдириб, унинг чинакам салоҳияти очилишига имкон яратди.

А Сериянинг 33-туридан ўрин олган «Верона»га қарши учрашувда айнан Элдор Шомуродов томонидан учрашувнинг 4-дақиқасида киритилган ягона гол римликларга жуда муҳим ғалабани тақдим этди. Ушбу ғалаба билан «Рома» Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашиш имкониятини сақлаб қолди.

Бу эса табиийки, клуб мухлисларининг ҳам диққатини жалб этмоқда. «Рома»нинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида мухлислар ўзбек форвардининг ўйинини ёрқин сўзлар билан алоҳида таърифлашмоқда.

Galileo Chiominto: — Шомуродов учрашувни ажойиб бошлади. Шу тариқа давом этса, биз "Раҳмат, “Рома”" қўшиғини куйлашга тайёрмиз!

Stefano Cardarella: — Шомуродов бугун барчани қутқарди. «Рома» унга ва Раньерига ҳайкал қўйса ҳам арзийди. Манчини, Свилар, Суле, Челик, Кристанте ҳам яхши ҳаракат қилди, бошқалар эса уйғониши керак.

David la Gamba: — Элдор қийин вазиятларда ҳам гол уришни уддалади. У ҳужумда фақат бир жойда турмай, майдон бўйлаб кенг ҳаракатланади, зарур пайтларда ҳимояга ҳам ёрдам беради. Шу сабабли ҳам Довбикнинг ўрни захира ўриндиғида экан.

Sergio Pistoia: — Элдор, мавсум охиригача айнан шу руҳда давом эт!

Luke Hd: — Ва ниҳоят, бизга ҳақиқий ҳужумчи керак эди. Шомуродов буни уддалади. Суле ҳам унга ажойиб ёрдам берди.

Alessio Alessio: — Элдор ҳақида кўп гап-сўз бўлди, бироқ у ўз ишининг устаси эканини яна бир марта исботлади ва ўзига хос услубда гол киритди.

Riccardo Ferrazza: — Шомуродовнинг жамоада қолгани катта омад бўлди. Мураккаб вазиятларда жамоага катта фойда келтирмоқда.

Zen Ilao Arenas: — Элдор, яна бир гол уриб, бизга ғалаба тақдим эт.

Sitembiso Mngxozana – FinerThings: — Йигитлардан шубҳаланган эдим, бироқ Шомуродов ҳаммага ҳақиқий ғалабани олиб берди.

Michela Annunziata: — Элдор ажойиб иш қилди, ҳақиқий қаҳрамон!

Giovanni Peloso: — «Рома»нинг ўйини жуда яхши бўлмади, ҳимоя заиф эди, ярим ҳимоя ҳам яхши эмасди. Ҳаммани фақат Элдор Шомуродовнинг ягона голи қутқарди.

Ҳақиқатан ҳам Элдорнинг бугунги кунда «Рома»даги роли тобора ортиб бормоқда ва бу ўзбек футболи мухлислари учун ҳам ғурурланишга сабаб бўлмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов «Рома»нинг янги қаҳрамонига айланди: мухлислар ўзбек ҳужумчисини олқишламоқда