date
views 284

Осиё Кубогида тарихий ғалаба: Ўзбекистон ўсмирлари мардлик ва матонат тимсоли бўлди!

Осиё Кубогида тарихий ғалаба: Ўзбекистон ўсмирлари мардлик ва матонат тимсоли бўлди!
Ўзбекистон футбол тарихида ёрқин саҳифа ёзилди! U17 терма жамоамиз Саудия Арабистонида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубоги финалида ажойиб ва драматик ўйин кўрсатиб, мезбон жамоани 2:0 ҳисобида мағлуб этди.

Финал ўйини ҳар томонлама драматик ва қизғин кечди. Ўйин давомида икки нафар футболчимиз қизил карточка олиб, рақибга нисбатан икки киши кам таркиб билан қолган бўлсак-да, футболчиларимиз матонат ва жасорат намойиш қилишди.

Ўйиннинг энг кескин лаҳзаси 51-дақиқада содир бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Муҳаммад Ҳакимов рақиб дарвозасига белгиланган пенальтини ниҳоятда совуққонлик ва ишонч билан ижро этиб, ҳисобни очди. Бу вазият стадион ва телевизор қаршисида ўйинни кузатиб турган миллионлаб мухлисларнинг юрагини завқ-шавққа тўлдирди.

Шундан кейин ҳам Саудия Арабистони терма жамоаси ҳисобни тенглаштириш учун босимни кучайтирди, аммо футболчиларимиз ҳимояда аниқ ҳаракат қилишиб, қарши ҳужумларда ҳам ўз имкониятларини излашда давом этдилар. Ва ниҳоят, 70-дақиқада Садриддин Ҳасанов рақиб дарвозасини иккинчи бор ишғол қилиб, жамоамизнинг ғалабасини янада мустаҳкамлади.

Учрашувнинг сўнгги дақиқалари чинакам тарихий воқеага айланди. Ҳакамнинг якуний ҳуштаги янграши билан терма жамоамиз футболчилари ва мураббийлар штаби стадион ўртасида бир-бирларини қучоқлаб, қувончли кўз ёшлар билан ғалабани нишонладилар. Ҳар қандай қийинчиликларга қарши курашган бу ёш футболчилар ҳақиқатда бутун мамлакат фахрига айландилар.

Шу тариқа, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 9 киши билан ўйнаб туриб ҳам Осиё чемпиони бўлди ва ушбу тарихий ютуқ орқали ўзбек футболининг келажаги ёрқинлигини яна бир бор исботлади.

Биз ҳам ўз навбатимизда шу улкан ғалаба билан Ўзбекистон терма жамоасини ва бутун ўзбек халқини чин дилдан табриклаймиз. Бу фахр ва қувонч барчамизнинг умумий ютуғимиздир!

Олға, Ўзбекистон! Ушбу қаҳрамон йигитлар билан жаҳон футболи сари янада ишонч билан қадам ташлаймиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё Кубогида тарихий ғалаба: Ўзбекистон ўсмирлари мардлик ва матонат тимсоли бўлди!