
Саудия Арабистонининг бой клублари янги мавсум олдидан Европа футболи юлдузларини ўз чемпионатига жалб этиш режаларини кенгайтирмоқда. Ушбу йўналишда уларнинг эътибори «Барселона»нинг тўрт нафар таниқли футболчисига тушди.
Sport.es нашрининг тарқатган маълумотига кўра, «Ал-Ҳилол», «Ал-Иттиҳод» ва Криштиану Роналду ҳаракат қилаётган «Ан-Наср» клублари раҳбарлари, каталонияликлар раҳбарияти билан футболчиларнинг трансфери бўйича музокаралар ўтказган.
Қайд этилишича, «Ал-Ҳилол» жамоаси айни дамда «Барселона»нинг асосий фигураларидан бирига айланган бразилиялик ҳужумчи Рафиньяни ўз сафида кўришни хоҳламоқда. Ўз навбатида Рафинья ва «Барселона» раҳбарияти янги шартнома бўйича суҳбатлашмоқда, аммо маош ва шартнома муддати масаласида бир қарорга кела олишмай турибди. Саудия клуби ана шу вазиятдан фойдаланиб, юлдуз ўйинчи учун яхши шароитлар тақдим этмоқчи.
«Ал-Иттиҳод» эса нидерландиялик ярим ҳимоячи Френки де Йонгни ўз таркибига қўшишга ҳаракат қилмоқда. «Барса»нинг энг кўп маош оладиган футболчиларидан бири бўлган де Йонг ҳам айни вақтда клуб билан янги шартнома бўйича музокаралар олиб боряпти ва Саудия жамоаси унга янада жозибали таклиф тайёрлаган.
Криштиану Роналду бошчилигидаги «Ан-Наср» клуби эса «Барселона»нинг ҳимоя чизиғидаги икки муҳим футболчи – Жюль Кунде ва Рональд Араухони ўз сафига олиб келиш истагида. Бу икки ҳимоячи «Барса»нинг орқа чизиғида ишончли ўйин кўрсатиб, кўплаб жамоалар эътиборига тушганди.
Каталонияликлар томонидан ҳозирча бу трансферлар борасида аниқ жавоб берилганича йўқ. Аммо трансфер музокаралари тобора қизғинлашиб бораётганини ҳисобга олсак, яқин вақтларда бу масала бўйича янги маълумотлар пайдо бўлиши кутилмоқда.
Саудия Арабистони клубларининг бу каби йирик трансфер амалиётлари Европадаги йирик клублар учун жиддий синовга айланмоқда. Бу воқеалар футбол мухлислари эътиборида бўлиб турибди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар