date
views 257

Суперлигада ҳакамлик хатолари: икки бош ҳакам жиддий жазога тортилди

Суперлигада ҳакамлик хатолари: икки бош ҳакам жиддий жазога тортилди
Ўзбекистон Суперлигасининг 8-тур баҳслари якунига етгач, ҳакамлик билан боғлиқ бир қатор баҳсли вазиятлар юзага келди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ҳакамлар қўмитаси ўтказилган ўйинларда ҳакамлар томонидан қабул қилинган қарорларни яна бир бор чуқур таҳлил қилди ва икки ҳакамнинг жиддий хатоларга йўл қўйганини эътироф этиб, уларга нисбатан тегишли чоралар қўллади.

Жумладан, ОКМК ҳамда "Андижон" жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўйиннинг 60-дақиқасида ОКМК вакили рақиб футболчисига қарши ноқонуний ҳаракат содир этди. У тўпсиз вазиятда "Андижон" ўйинчисининг юзига тирсак билан зарба берди. Бош ҳакам Рустам Лутфуллин эса VAR ҳаками билан маслаҳатлашиб, мазкур вазиятга тегишли қарор қабул қилди ва бу ҳолатда хатога йўл қўймади.

Бироқ, ўша учрашувнинг 85-дақиқасида юзага келган ҳолатда ҳакам томонидан йўл қўйилган жиддий хатолик қайд этилди. Футболчилар тўп учун курашаётган вақтда Лутфуллин 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Аммо эксперт ҳакамлар фикрича, бу ҳолатда пеналти тайинланишига асос бўладиган вазият мавжуд эмас эди. Натижада, Ҳакамлар қўмитаси ушбу жиддий хатоси учун Рустам Лутфуллинни номуайян муддатга ҳакамликдан четлатди.

Шунингдек, "Қизилқум" ва "Навбаҳор" жамоалари ўртасида кечган учрашувда ҳам баҳсли ҳолат кузатилди. Ушбу ўйиннинг 90+5-дақиқасида "Навбаҳор" футболчисининг қўлига тўп теккани боис, бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев 11 метрлик жарима зарбасини белгилади. VAR текшируви ҳам бош ҳакамнинг қарорини ўзгартирмади ва 90+12-дақиқада ушбу пеналти амалга оширилди. Лекин экспертлар таҳлил натижаларига кўра, футболчининг қўли танасига ёпишиб тургани сабабли, бу ҳолатда пеналти тайинланмаслиги керак деб топилди.

Шу сабабли, Ҳакамлар қўмитаси бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаевни ҳам жиддий хатога йўл қўйгани учун номуайян муддатга ҳакамлик фаолиятидан четлатишга қарор қилди.

Бу ҳолатлар орқали Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ҳакамлар қўмитаси ҳакамлар фаолиятида шаффофлик ва адолат тамойилини қатъий таъминлашда давом этаётганини яна бир бор исботлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлигада ҳакамлик хатолари: икки бош ҳакам жиддий жазога тортилди