date
views 70

Камолиддин Тожиев: “Руҳий чуқурликдан чиқишни бошладик, лекин ҳимояда муаммолар бор”

Камолиддин Тожиев: “Руҳий чуқурликдан чиқишни бошладик, лекин ҳимояда муаммолар бор”
Ўзбекистон кубогининг учинчи босқичида "Насаф"ни йирик ҳисобда (3:2) мағлуб этган “Пахтакор” жамоаси бош мураббийи Камолиддин Тожиев учрашувдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этиб, жамоа ҳолати, таркибдаги йўқотишлар ва келгуси режалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Йўқотишлар ва жароҳатлар – мураббийнинг изоҳи

Тожиев “Пахтакор”даги айрим етакчи футболчиларнинг ўйинларда кўринмаслигини жароҳатлар билан изоҳлади:

“Фламарион ва Исломбек Абдуллаевда жароҳат бор эди. Шунингдек, Ҳолматов ва Ҳамдамов ҳам жароҳат сабаб ўйиндан четда қолди. Жонатан Лукка эса тиззасидан жиддий жароҳат олди. Олти ойга сафдан чиқди.”

Терма даражасидаги жамоа, лекин руҳий босим юқори

Мураббий “Пахтакор” сафидаги футболчиларнинг салоҳияти юқори эканини таъкидлар экан, уларнинг руҳий ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини қайд этди:

“Йигитларнинг деярли ҳаммаси терма жамоа даражасидаги футболчилар. Аммо улар сўнгги вақтларда руҳий тушкунликка тушиб қолишган. Буни тўғрилаш — менинг энг муҳим вазифам. Руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз.”

Ҳимоядаги муаммолар ва ўйин амалиёти

Камолиддин Тожиев жамоанинг ҳужумда самарали ҳаракат қилаётганини таъкидлаган бўлса-да, ҳимоядаги хатоларга жиддий эътибор қаратиши кераклигини билдирди:

“Гол уряпмиз, бу яхши. Аммо ўтказаётган голлар сони ортиб боряпти. Бу жуда хавотирли. Ҳимоя чизиғида кўплаб хато ва ишончсизлик мавжуд.”

Шунингдек, Ҳамдамовнинг ўйин амалиётига оид саволга жавобан шундай деди:

“Унинг ўйин амалиёти етарли эмас эди. Шу боис ўринбосарлар таркибида майдонга туширдик. Жароҳат айнан ўша ўйинда юз берди.”

Кубокми ёки Суперлига — қайси бири муҳим?

Мураббий жамоанинг барча фронтларда олий мақсадларга интилишини таъкидлади:

“Пахтакор”да иккинчи даражали фронт йўқ. Кубок ҳам, Суперлига ҳам биз учун жуда муҳим. Қайси мусобақада иштирок этмайлик, фақат чемпионлик учун курашамиз.”

Zamin.uz таҳририяти Камолиддин Тожиевга жамоани барқарор ритмга қайтариш, футболчиларнинг жароҳатларидан тезда фориғ бўлиши ва “Пахтакор”нинг янги ғалабаларида омад тилайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Камолиддин Тожиев: “Руҳий чуқурликдан чиқишни бошладик, лекин ҳимояда муаммолар бор”