date

Суперкубок финалида катта тўқнашув: “Насаф” совринни ҳимоя қиладими ёки “Андижон” тарих ёзадими?

Суперкубок финалида катта тўқнашув: “Насаф” совринни ҳимоя қиладими ёки “Андижон” тарих ёзадими?
Бугун, 27 май куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадиони футболь мухлислари учун яна бир катта тўқнашувга гувоҳ бўлади. Амалдаги мамлакат чемпиони “Насаф” ва Ўзбекистон кубоги соҳиби “Андижон” жамоалари Суперкубок учун тўқнаш келади. Ушбу ўйин фақатгина соврин эмас, балки клублар нуфузи, йилни соврин билан якунлаш ва мухлислар олдида юзи ёруғ бўлиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда мамлакатнинг энг барқарор ва совриндор клубларидан бирига айланган “Насаф” бугун катта мақсад билан майдонга тушади. Қаршиликлар охирги тўрт йилнинг ҳар бирида Суперкубок финалида қатнашиб, ушбу мусобақанинг мутлоқ доимий иштирокчисига айланди. Илк марта чемпион сифатида Суперкубокда иштирок этаётган "Насаф" футболчилари Бердиев бошчилигида қаторасига учинчи бор Суперкубокни ютиш учун майдонда борини беришади.

Қарши клуби ушбу совринни олдинги йилларда 3 бор қўлга киритган ва бу борадаги мамлакатдаги энг муваффақиятли клублардан бири ҳисобланади. Бугунги ўйинда ғалаба қозониш орқали “Насаф” ўз коллекциясига тўртинчи Суперкубокни қўшиш имкониятига эга.

Иккинчи томонда эса — катта иштиёқ билан тўлиб-тошган “Андижон”. Водий жамоаси ўтган мавсум мамлакат кубогини ютган ҳолда ўз тарихида илк бор катта совринни ютиб, ўз номи билан футбол тарихида из қолдирди. Бугунги Суперкубок — жамоа учун тарихий синовнинг навбатдаги босқичидир.

Бу беллашув, шунингдек, “Андижон”нинг янги бош мураббийи Максим Шацких учун ҳам шахсий аҳамиятга эга. Ушбу мутахассис сўнгги икки Суперкубок финалида айнан “Насаф”га қарши майдонда мағлубиятга учраган эди. Учинчи уринишда Шацких ўз жамоаси билан чемпионни мағлуб этиб, реванш олиш ва бош мураббий сифатида илк бор катта совринни ютишни ният қилмоқда.

Шунингдек, “Андижон” жорий мавсум чемпионат ва кубокда кутилган натижаларни қайд этолмагани сабабли, Суперкубок жамоа учун мавсумни ижобий якунлашнинг сўнгги имконияти сифатида кўрилаётир.

Бугунги финал 19:30 да старт олади ва тўлиб-тошган трибуналардаги ишқибозлар ва миллионлаб экран ортидаги мухлислар яна бир бор ўз футбол юлдузларини шафқатсиз ва принципиал тўқнашувда шижоат билан кузатади. Қайси жамоа бугунги кеча тарихини ёзади — кутиб қоламиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперкубок финалида катта тўқнашув: “Насаф” совринни ҳимоя қиладими ёки “Андижон” тарих ёзадими?