
“Интер” клубининг бош мураббийи Симоне Инзаги шогирди Лаутаро Мартинеснинг сўнгги йиллардаги меҳнати ва профессионал ривожини юксак баҳолаб, уни “Олтин тўп” мукофотига асосий номзод сифатида кўрмоқда. Мураббийнинг фикрича, аргентиналик ҳужумчи нафақат голлари, балки жамоага бўлган садоқати ва руҳий етакчилиги билан ҳам дунёдаги энг яхши футболчилардан бирига айланган.
— Менимча, Лаутаро Мартинес “Олтин тўп” учун муносиб номзод. У бу мукофотга эришиш йўлида сўнгги йилларда барча жиҳатдан ишлаган ва натижа берган футболчилардан. Шанба куни “Интер” қандай натижа қайд этмасин, у ақлбовар қилмас даражадаги футболчи ва инсон сифатида қолади, — деди Симоне Инзаги журналистлар билан суҳбатда.
Маълумки, 1 июнь куни “Интер” Евроаренадаги энг муҳим баҳс — Европа Чемпионлар лигаси финалида Париж гранди ПСЖга қарши майдонга тушади. Бу ўйин Лаутаро учун нафақат титул, балки шахсий ютуқларини мустаҳкамлаш имконияти сифатида қаралаётир.
Лаутаро Мартинес 2018 йилдан буён “Интер” сафида ўйнаб келмоқда. Бу муддат давомида у клуб учун 150 та гол уриб, клуб тарихидаги энг самарали ҳужумчилар қаторига кирди. Унинг голлари “Интер”ни сўнгги йилларда кўплаб совринларга етаклади, жумладан, А Серия чемпионлиги, Италия Кубоги ва Суперкубоклардаги муваффақиятларда унинг ҳиссаси беқиёс бўлган.
Инзагининг бу баёноти Лаутаронинг нафақат клуб, балки жаҳон футболи даражасидаги ўрнини янада мустаҳкамламоқда. Агар финалда ҳам у ўзини кўрсата олса, “Олтин тўп” йўлидаги асосий рақобатчиларидан бири бўлиб қолиши мумкин. Тарихда “Интер” сафидан чиқиб, дунё миқёсида эътироф этилган футболчилар кам эмас — Лаутаро ҳам улар қаторига кириши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг