date
views 1 234

ПСЖ «Интер»ни яксон қилди ва тарихда илк бор чемпион! (видео)

ПСЖ «Интер»ни яксон қилди ва тарихда илк бор чемпион! (видео)
Бутун Европа ва дунё футбол ишқибозлари томонидан интиқлик билан кутилган УЕФА Чемпионлар лигасининг финал баҳси ниҳоят ўз ниҳоясига етди. ПСЖ клуби ўз тарихида илк бор ушбу нуфузли мусобақанинг кубогини боши узра баланд кўтарди. Франциянинг Париж клуби ҳал қилувчи учрашувда Италиянинг машҳур "Интер" жамоасини жуда йирик ҳисоб – 5:0 билан таслим қилди.

Мюнхендаги «Allianz Arena» стадионида 75 минг мухлис олдида ўтган учрашувнинг биринчи дақиқалариданоқ парижлик футболчилар ўз устунлигини кўрсатишди. Учрашувнинг 12-дақиқасида марокашлик ҳимоячи Ашраф Ҳакими ўзининг аниқ ва кучли зарбаси билан ҳисобни очди. «Интер» дарвозабони бу вазиятда ожиз қолди ва ҳисоб 1:0.

Бу голдан кейин ҳам ПСЖ босимни янада кучайтирди ва кўп ўтмай 20-дақиқада талантли ярим ҳимоячи Дезире Дуе ҳисобни 2:0 га етказди. Биринчи тайм шундай ҳисоб билан якунланди ва "Интер" жамоасига дам олиш пайтида ўйин режасини ўзгартириш зарурати туғилди.

Иккинчи тайм ҳам парижликлар назоратида кечди. 63-дақиқада Дезире Дуе яна бир бор ўз номини таблога ёздириб қўйиб, дублга эришди ва ҳисобни йирик – 3:0 га етказди. "Интер" бу вазиятдан кейин ҳам жамоа ўйинида кутилган ўзгаришни кўрсата олмади.

73-дақиқада эса майдонга захирадан тушган грузиялик юлдуз Хвича Кварасхелия ажойиб гол уриб, ҳисобни 4:0 га етказди. Бу голдан кейин "Интер"нинг руҳий ҳолати буткул тушиб кетди ва жамоа қаршилик қилишда давом этолмади.

Учрашувнинг якунига икки дақиқа қолганда, 88-дақиқада Сенни Маюлу томонидан киритилган гол финал учрашувига якун ясади – 5:0. "Интер" клуби ўз тарихидаги энг йирик мағлубиятларидан бирини қабул қилиб олди.

Бу ғалаба ПСЖ учун жуда муҳим аҳамият касб этади, чунки клуб ўз тарихида илк бор Европа футболида энг обрўли соврин – Чемпионлар Лигасини қўлга киритди. Ушбу мусобақанинг 2020 йилги финалида ҳам иштирок этган ПСЖ, ўшанда Германиянинг «Бавария» клубига 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган эди. Бу сафар эса парижликлар ўша мағлубият учун чиройли тарзда «қасос» олиб, катта ғалабага эришдилар.

ПСЖ бош мураббийи Луис Энрике бу натижа билан клуб тарихига янги олтин саҳифа қўшиб, ўз мураббийлик салоҳиятини яна бир бор намоён қилди. Бу мусобақа унинг мураббийлик фаолиятидаги муҳим муваффақият бўлиб, у Европадаги энг кучли мураббийлар қаторига қўшилди.

ПСЖ мухлислари эса шу пайтгача интизор бўлган Чемпионлар Лигаси совринини ниҳоят ўз жамоалари қўлида кўриб, жуда катта қувонч ва байрам кайфиятига тўлди.

Ушбу кеча парижликлар учун нафақат ғалаба куни, балки футбол тарихидаги буюк бурилиш кунига айланди!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ПСЖ «Интер»ни яксон қилди ва тарихда илк бор чемпион! (видео)