
Ўзбек футболида сўнгги йилларда яққол порлаган юлдузлардан бири бўлган Аббосбек Файзуллаев якунланган мавсумда ўз номини нафақат маҳаллий, балки халқаро футбол майдонларида ҳам мустаҳкам ўрнатишга муваффақ бўлди. Ҳозирда Россиянинг ЦСКА клуби сафида тўп сураётган 21 ёшли ҳужумкор футболчи нафақат жамоаси билан муваффақиятларга эришди, балки Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида ҳам тан олинди.
Файзуллаев мавсум давомида Россия чемпионати бронза медалини қўлга киритди ва Россия кубогида зафар қучди. Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичида тарихий натижа қайд этиб, мамлакатни илк бор мундиалга олиб чиқди.
Журналист Нобель Арустамян билан суҳбатда Аббосбек ўзига хос камтарлик билан жавоб берди: — Мен ота-онамни хурсанд қилдим, улар бу ютуқни чин дилдан ҳис қилди. Лекин мен ҳали жуда кўп нарсаларга эришишни хоҳлайман. "Реал" ёки "Барселона" — бу каби клубларда ўйнаш менинг орзум ва мақсадим.
Хвича Кварацхелия каби футболчилар унга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлаган Аббосбек, шу билан бирга, Германиянинг “Бавария” клуби скаутларининг эътиборига тушгани ҳақида ҳам тўхталди.
“ЦСКАда шартномам бор, лекин мақсадим доимо аниқ бўлган – Европага чиқиш. Ҳар бир футболчи орзу қиладиган жой – у ерда мен ҳам тўп суришни истайман”, – деди у.
Аббосбекнинг орзулари тасодиф эмас. У аллақачон ЦСКА сафида ўз салоҳиятини намойиш қилиб улгурди — 71 ўйинда 8 гол ва 22 ассист билан жамоада муҳим фигурага айланди. Бу рақамлар ўзбек легионери учун жиддий Европа клублари диққат марказида эканини исботлайди.
Унинг фаолияти “Пахтакор” академиясида бошланган. Жамоадаги 41 учрашувда у 10 та гол ва 3 та ассист билан майдонни тарк этган. 2023 йилнинг августида ЦСКА сафига қўшилган футболчи, қисқа вақт ичида россиялик мухлислар эътиборини қозонди.
Файзуллаев терма жамоада ҳам ўз номини мустаҳкамлашга улгурди. У 27 учрашувда 8 та гол уриб, Ўзбекистон миллий жамоасининг Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишида муҳим рол ўйнади. Катта мусобақалардаги тажрибаси ва ўз устида ишлаши уни келажакдаги топ-клублар номзодига айлантирмоқда.
Аббосбек Файзуллаев нафақат ижобий натижалар, балки қарашлари, ўзини тинимсиз ривожлантиришга интилиши, катта орзулари билан ҳам ёш авлодга намуна бўлиб қолмоқда. Унинг ҳар бир сўзида меҳнат, ирода ва узлуксиз ўсишга иштиёқ бор.
Ёш иқтидор соҳиби олдида яна кўп марралар бор. Мухлислар эса унинг орзулари рўёбга чиқишини, Европанинг энг йирик ареналарида ўзбек байроғини баланд кўтаришини интизорлик билан кутмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар