date

Абдуқодир Ҳусановга “Манчестер Сити”да ишонч қайта бериладими?

Абдуқодир Ҳусановга “Манчестер Сити”да ишонч қайта бериладими?
АҚШ майдонларида старт олган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати нафақат футбол оламида янги саҳифанинг бошланиши, балки бир қатор ёш истеъдодлар учун ҳам ўзини кўрсатиш майдонига айланди. Бу галги турнирнинг ўзига хослиги шундаки, у ФИФА томонидан биринчи марта 32 жамоа иштирокида ташкил этилмоқда ва катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда.

“Манчестер Сити” каби йирик клублар эса бу имкониятдан унумли фойдаланиш ниятида. Ҳозирда Флоридада жойлашган инглиз гранди мусобақадаги дастлабки учрашувини 18 июнь куни Марокашнинг “Видад” клубига қарши ўтказади. Шунингдек, “G” гуруҳидан Италиянинг “Ювентус” ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Айн” жамоалари ҳам жой олган.

Хосеп Гвардиола бу чемпионатга кучли таркибни олиб келди. Футболчилар орасида уч нафари учун бу турнир алоҳида аҳамият касб этади. Улар янги мавсум олдидан Гвардиола бошчилигидаги мураббийлар штаби ишончини оқлаб, жамоага керак ўйинчи эканликларини яна бир бор исботлаб қўйишлари талаб этилади. Бу беллашувларда "Сити”нинг шу 3 нафар футболчилари — жумладан, ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов ҳам эътибор марказида бўлади.

Абдуқодир учун имтиҳон майдони

Январ ойида Франциянинг “Ланс” жамоасидан “Манчестер Сити”га келиб қўшилган 21 ёшли марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни Хосеп Гвардиола илк кунларданоқ асосий таркибга сингдиришга интилди. Бироқ “Челси”га қарши баҳсдаги хатоси ва янги муҳитга тўлиқ мослашмагани туфайли у кейинги пайтларда захирада қолди.

Гвардиоланинг қароридан кўриниб турибдики, у Ҳусановдан сўнгги босимларни камайтириш, инглиз тилини яхши ўзлаштириш ва майдондаги қарорларини пухта чиқаришни талаб қилмоқда. Аммо бу унинг имкониятлари йўқ дегани эмас — аксинча, клубда унга ишонч бор, фақат у бунга муносиб равишда тайёрлигини исботлаши лозим.

Айнан АҚШдаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати Абдуқодир учун ўзига хос “қайта туғилиш” имконияти. У сўнгги уч ой ичида қандай ўсишга эришгани, қай даражада кучайгани ва мураббийлар ишончини қайта қозонишга тайёр эканини исботлаши шарт.

Рақобат кучайган майдон

Фаолиятларини тиклашга бел боғлаган бошқа икки футболчи ҳам — Фил Фоден ва Оскар Бобб — ушбу мусобақага катта тайёргарлик билан келишган. Фоден учун бу турнир унинг профессионал фаолиятидаги мураккаб босқичдан чиқиш учун керакли трамплин бўлиши мумкин. У ўзининг формасига қайта кириш ва жамоадаги асосий ролини қайта эгаллашни мақсад қилган.

Шу билан бирга, жиддий жароҳат туфайли мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборган Оскар Бобб учун ҳам бу мусобақа — ўз иқтидорини яна намоён қилиш, мураббийлар ишончини қозониш ва клубдаги келажакни кафолатлаш учун синов майдони.

Хулоса ўрнида
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати шунчаки бир мусобақа эмас — у ҳар бир футболчи учун синов, имконият ва янги саҳифа. Абдуқодир Ҳусанов, Фил Фоден ва Оскар Бобб каби ёшлар учун эса бу турнир уларнинг фаолиятидаги янги босқичга йўл очиб бериши мумкин.

Гвардиола ва “Сити” раҳбарияти Ҳусановнинг “Этихад”даги келажагига ишонишмоқда. Энди эса навбат футболчининг ўзида — у бу ишончни амалда оқлаши, катта саҳнада ўз номини яна бир бор тинглатиши керак.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусановга “Манчестер Сити”да ишонч қайта бериладими?