
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 мусобақаси йўлланмасини тарихда илк бор қўлга киритди. БААга қарши 0:0 ҳисобидаги дуранг нафақат йирик спорт воқеаси, балки бутун мамлакат футболи учун янги босқични англатади. Ушбу ғалаба мамлакат ичкарисида ҳам, халқаро майдонда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Бу ютуқдан илҳомланиб, украиналик журналист Владислав Лютостанский “Динамо Киев” афсонаси ва ҳозирда “Андижон” клубида фаолият олиб бораётган Максим Шацких билан суҳбатлашди. У ўз Ватани терма жамоасининг муваффақияти ва икки мамлакат футболи ўртасидаги фарқлар ҳақида гапирди.
"Ўзбекистонда футбол жуда тез ўсмоқда"
Шацких таъкидлашича, мамлакатда футбол соҳасида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда: инфратузилмалар янгиланяпти, терма жамоалар учун замонавий базалар қуриляпти, ёшлар ўртасидаги футбол ривожланмоқда.
"Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар футболи жадал суръатда ривожланмоқда. Бу бир кунда бўладиган жараён эмас, лекин тўғри йўл танланган ва натижалар аллақачон кўрина бошлади", — дейди у.
Украина нимани ўрганиши мумкин?
Журналист Украина термаси қайси жиҳатларда Ўзбекистондан намуна олиши мумкинлиги ҳақида сўраганда, Шацких "бу жуда қийин савол" деб жавоб берди. Бироқ у шундай деди: "Ҳозирда Украинада авлодлар алмашинуви жараёни кечмоқда. Ёшларга вақт керак, аммо бу вақт доим етишмайди. Барибир, менимча, Украина ЖЧ-2026 саралаш босқичидан ўтади. Франция кучли, лекин Исландия ва Озарбайжон — енгса бўладиган рақиблар".
Яхши футболчилар бор, лекин талаб йўқ
Шацких сўзларига кўра, Ўзбекистон футболчилари Украинада етарлича эътиборга тушмаяпти. “Эҳтимол, уларга қарамаяптилар ёки ҳозирги вазият (уруш) сабаб ҳеч ким бу бозорни ўрганмаяпти. Лекин бу нотўғри. Масалан, “Пахтакор”даги ишларимиз давомида биз Ўзбекистон термасининг келажаги бўлган таркибни шакллантирдик. Улар ҳозир Олимпия термасида ўйнаяпти”, — деди у.
Яхшибоев — иқтидор бор, лекин интизом кам
Журналист Жасур Яхшибоев ҳақидаги саволига жавобан, Шацких унинг иқтидорига юқори баҳо берди, бироқ характер муаммоларини таъкидлади. “У ақлли, ноодатий ўйинчи. Агар интизом ва характер муаммоларини енгса, у шубҳасиз энг юқори даражада ўйнайди. Мен у билан бир неча марта суҳбатлашганман. Аммо профессионаллик фақат техник маҳорати билан ўлчанмайди”, — деди мураббий.
Хулоса
Шацких сўзларига кўра, Ўзбекистон футбол бозори ҳозирда катта салоҳиятга эга. “Динамо”, “Полесе” ёки бошқа УПЛ клублари бу бозорни яхши кузатса, ўзлари учун муносиб ижрочиларни топиши мумкин эди. Лекин ҳозирча имконият кўпроқ Шарқ давлатлари томонга қараб кетмоқда — Саудия, БАА, Қатар, Хитой ва бошқалар.
Умуман, Ўзбекистон футболининг ривожланиши, терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига чиқиши ва ёш авлоддаги салоҳият, келажакда бу мамлакатни Осиёдаги етакчи футбол ватанига айлантириши мумкин. Ва Шацких фикрига кўра, бу сўзлар эмас, балки амалда исботланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар