date

Сеск Фабрегас “Манчестер Сити”га бош мураббий бўлиши мумкин

Сеск Фабрегас “Манчестер Сити”га бош мураббий бўлиши мумкин
Англия футболида янги интрига. Журналист Стив Кэйнинг ёзишича, агар Пеп Гвардиола яқин йилларда “Манчестер Сити”ни тарк этса, унинг ўрнида ёш ва замонавий мутахассис – Сеск Фабрегасни кўриш мумкин. Инглиз клуби раҳбарияти 38 ёшли Фабрегаснинг тактик қарашлари, ўйинга янгича ёндашуви ва катта салоҳиятидан ҳайратда эканини тан олган.

Маълумки, Пеп Гвардиола “Манчестер Сити” билан тузган шартномасига кўра, 2027 йил ёзига қадар клубни бошқаради. Аммо футбол оламида вазият тез ўзгариб, клуб раҳбарияти мунтазам равишда эҳтимолий ворислар рўйхатини шакллантириб боради.

Сеск Фабрегас ҳозирда Италиянинг “Комо” клубини бошқармоқда ва у билан анча муваффақиятли мавсум ўтказди. Якунланган мавсумда “Комо” А Серияда 10-ўринни эгаллади. Бу натижа Европа футболида ёш мураббий сифатида Фабрегаснинг обрўсини янада оширди. Уни Европа топ-клублари назарига туширган муҳим омил эса — ўзига хос тактик тафаккур ва замонавий футболга мослашувчанликдир.

Клуб ичидаги инсайдерларга кўра, “Манчестер Сити”нинг асосий мақсади — Гвардиоладан сўнг ҳам жамоани креатив ва интеллектуал мураббий қўлига топшириш. Сеск Фабрегас бу жиҳатдан идеал номзод сифатида кўрилмоқда. Чунки у “Арсенал”, “Барселона” ва “Челси”да ўйнаб, турли мураббийлардан илғор тажриба тўплаган. Унинг футболга қараши ва майдондаги интеллектуал ечимлари футбол оламида олқишга сазовор бўлмоқда.

Табиийки, ҳозирча Пеп Гвардиоланинг ўзи клубда қолиш ниятида ва узоқ муддатли мақсадлар қўйган. Аммо инглиз ОАВдаги муҳокамаларга қараганда, клуб раҳбарияти Сеск Фабрегасни энг асосий номзодлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.

Футбол оламида “Манчестер Сити”нинг Гвардиоладан сўнгги ҳаёти қандай бўлиши барча мухлислар учун қизиқ. Фабрегаснинг бу лавозимга тайинланиши клуб учун янги даврни бошлаб бериши мумкин. Келажакда ушбу интрига қандай тугашини вақт кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Сеск Фабрегас “Манчестер Сити”га бош мураббий бўлиши мумкин