
Каталониянинг машҳур клуби "Барселона" ёзги трансфер бозорида яна бир эътиборли қадам ташлаш арафасида. Жамоанинг спорт директори Деку "Атлетик" вингери Нико Уильямсни жамоага жалб этиш борасидаги сўнгги янгиликлар ва турли миш-мишларга ўз муносабатини билдирди.
Оммавий ахборот воситаларида Нико Уильямснинг "Барселона" сафидаги ҳужумчи Ламин Ямал билан яқин дўстлиги, трансфер қарорини осонлаштириши мумкинлиги ҳақида кўплаб фикрлар тарқалган эди. Бироқ Деку бу мавзуда ўз позициясини очиқ ифодалади:
— Йўқ. Уларнинг дўстлиги одатий ҳолат. Лекин, "Барселона" — дўстлар жамоаси эмас. Бу ерда ҳар бир футболчи юқори даражада меҳнат қилиши, доимо ғалаба учун майдонга тушиши шарт. Агар улар ўзаро яхши муносабатда бўлса — жуда яхши. Аммо энг муҳим масала шундаки, Нико клубимизга нимани олиб кириши мумкинлигини аниқ англаб етиши ва ҳар доим катта мотивацияда бўлиши керак. Агар бу талабга жавоб берса, у бошқа футболчилар билан ҳам осон дўстлашиб кетади, — деди Деку La Vanguardia нашрига берган интервьюсида.
Бу орада, OАВ "Барселона" Уильямс учун "Атлетик"га 58–62 миллион евро атрофида товон пули тўлашга тайёр экани ҳақида хабар тарқатган. Бироқ келишув бўйича клублар ўртасида жиддий қарама-қаршилик юзага келган: Билбао раҳбарияти катта маблағни бир йўла қўлга киритишни истаса, каталонияликлар тўловни бир неча босқичда амалга ошириш тарафдори.
Айни пайтда, Нико Уильямс Испаниянинг энг истеъдодли ёш вингерларидан бири сифатида Европа футболида тобора катта обрў қозонмоқда. Унинг "Барселона" сафида тўп суриши жамоа ҳужумида сифатли ўзгаришларни келтириши ва мухлислар учун янги умид ва эҳтирос олиб келиши мумкин.
Трансфер бўйича музокаралар қизиқувчан ва муросасиз кечаяпти. "Барса" раҳбарияти молиявий чекловлар ва регламент талабларини инобатга олган ҳолда, ўз позициясидан чекинмоқчи эмас. Шу боис, яқин кунларда бу ишбилармонлик учрашуви қандай якун топиши катта қизиқиш уйғотмоқда.
Мухлислар эса Нико Уильямсни Каталонияда кўришга умид қилмоқда. Чунки янги мавсум арафасида "Барса" янада кучли ва рақобатбардош таркиб тузишни мақсад қилган. Яқин орада трансфернинг расмийлашиши ёки музокараларнинг узоққа чўзилиши футбол жамоатчилиги диққат марказида бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар