date

Абдуқодир Ҳусанов “Сити”да қолди — Гвардиола унга суянади

Абдуқодир Ҳусанов “Сити”да қолди — Гвардиола унга суянади
“Манчестер Сити”да янги давр бошланмоқда. Жамоа катта ютуқларга эришган, синовли ва совринли йилларни ортида қолдирган мураббий Хосеп Гвардиола энди таркибни янгилашга қатъий бел боғлаган. Бу — клубнинг “қайта туғилиши” босқичидир.

Ўтган мавсумдаги совринсизлик “Сити” учун жиддий сигнал бўлди. Мураббий бу инқироздан чиқиш йўлини ёш истеъдодларга ишонишда кўрди. Январдаёқ клуб уч нафар иқтидорли ҳимоячи — Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс ва Жума Бани билан шартнома имзолади.

Эътиборлиси, шунча клублардан келган таклифларга қарамасдан, Гвардиола ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусановни жамоада қолдиришга қарор қилди. Франциянинг “Лион” клуби шартнома асосида Ҳусановни вақтинча ижарага олишни хоҳлаган, аммо мураббий бу таклифни қатъий рад этди.

“Абдуқодир — келажакда эмас, ҳозирда ҳам жамоамизнинг муҳим қисми. Унга суянаман”, — дейишган Гвардиола атрофидаги манбалар.

Устоз мураббий ёш ҳимоячини янги мавсум учун асосий таркибда кўришни истаяпти. “Сити” бу трансферни жорий йилнинг 20 январь куни 40 миллион еврога амалга оширганди. Ҳусанов дебютидаёқ жамоага мослашди, АПЛ, Англия Кубоги ва ЕЧЛда жами 9 ўйинда майдонга тушиб, битта гол урди.

Апрелдан бошлаб эса Ҳусанов асосий таркибдан четлатилди. Сабаб — “Ланс” клубига тўланиши керак бўлган 5 миллион евролик бонус. Келишувга кўра, агар Абдуқодир 10 ўйинда қатнашса, “Сити” бонус тўлаши керак эди. Шу боисдан, у майдонга туширилмади. Бу ҳолат кўплаб спорт журналистлари ва мухлислар танқидига сабаб бўлди.

Хулоса шуки, Ҳусанов ҳозирги кунда “Манчестер Сити”нинг келажак ҳимояси учун асосий пойдеворлардан бири сифатида қараляпти. Унинг ёнида Витор Рейс ва “соғ” қолса, тажрибали Рубен Диас, Йошко Гвардиол, Натан Аке, Жон Стоунз, Мануэль Аканжи каби юлдузлар бўлади.

Гвардиоланинг қарорлари ҳамиша келажакка йўналтирилган. Ва энди барча ўзбекистонлик мухлислар “Сити”нинг ёрқин келажагида Абдуқодир Ҳусанов асосий ролда бўлишига умид билан қарайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов “Сити”да қолди — Гвардиола унга суянади