date

“Насаф” – “Пахтакор”: Қаршида ғалаба ва ғурур тўқнашуви

“Насаф” – “Пахтакор”: Қаршида ғалаба ва ғурур тўқнашуви
Суперлиганинг 14-туридан ўрин олган марказий қарама-қаршилик — ҳақиқий дерби кайфиятини уйғотадиган тўқнашув сифатида кутилмоқда. “Марказий” стадионда мухлислар замонавий ўзбек футболининг икки етакчи жамоаси — Қаршининг “Насаф” ва Тошкентнинг “Пахтакор” клублари тўқнашувига гувоҳ бўладилар.

Мавсумни мағлубиятсиз бошлаб, юқори темпда давом этаётган “Насаф” жамоаси бугунги кунда жиддий спорт формасига кириб олган ва ўз уйида рақибларига “ҳа” дедирмаётган ҳолда ҳаракат қилмоқда. Охирги турлардаги ишончли ўйинлар — бунинг яққол исботи.

Шу пайтгача бу икки жамоа чемпионат доирасида 56 бор куч синашган. Умумий тарихда “Пахтакор” устун — 30 бор зафар қучган. “Аждарлар” 12 марта ғалаба қозонган, 14 учрашув дуранг билан якунланган. Аммо Қаршидаги жанглар анча драматик бўлган. 28 учрашувнинг 10 тасида “Насаф” ғалаба қозонган, 9 тасида “Пахтакор”, қолган 9си эса дуранг билан якунланган.

Эътиборлиси, “Пахтакор” Қаршида 2021 йилдан буён на ғалаба қозонган ва на тўп кирита олган. Ўша пайтдаги 3:2 ҳисобидаги драматик ғалабадан кейинги учрашувларда голларсиз дуранглар ва “Насаф”нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилган. Тошкентликлар учун бу — жавоб қайтариш пайти, “Насаф” учун эса тарихни давом эттириш имконияти.

Ҳар икки жамоа жорий мавсумда юқори савиядаги ўйинлар билан мухлислар меҳрини қозонмоқда. Шу сабаб, эртага соат 20:00да бошланадиган беллашувда ҳар бир гол, ҳар бир комбинация ва ҳар бир ҳаракат алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Бу нафақат очколар учун кураш, балки ғурур ва тарих учун тўқнашув ҳамдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Насаф” – “Пахтакор”: Қаршида ғалаба ва ғурур тўқнашуви