date

CAFA Nations Cup-2025 олдидан Кападзе: Янги қаҳрамонлар ва катта имкониятлар йили!

CAFA Nations Cup-2025 олдидан Кападзе: Янги қаҳрамонлар ва катта имкониятлар йили!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе бўлажак "CAFA Nations Cup-2025" турнири ҳақида ўз қарашларини билдириб ўтди. Унинг фикрича, ушбу мусобақа нафақат анъанавий рақобатлар, балки янги футболчиларни кашф этиш учун ҳам катта имкониятлар эшигини очади, деб хабар беради championat.asia.

Тажрибали мутахассис қуйидагича фикр билдирди: “Менимча, CAFA – жуда самарали турнир бўлади. Икки йил олдин ҳам мамлакатимизда ташкил этилгани барчага ёқди. Бу гал эса Ўмон ва Малайзия терма жамоаларининг қўшилиши мусобақага янада юқори даража ва қизиқиш қўшади. Бу бизнинг футболчилар учун мукаммал тайёргарлик синови, шу билан бирга янги номларни очиш имконияти”.

Кападзе таъкидлашича, мусобақанинг тақвими зич бўлиши ва ФИФА кунларидан аввал бошланиши айрим муаммоларга олиб келиши мумкин: “Легионерларимиз мусобақанинг дастлабки баҳсига етиб келишда маълум қийинчиликлар бўлиши мумкин. Аммо барибир ҳали вақт бор. Ҳозирда чемпионат учрашувларини диққат билан кузатяпман ва қайси футболчилар миллий жамоага муносиб эканини таҳлил қиляпман. Асосийси, футболчиларимиз жароҳатдан ҳоли бўлишса, барча режалар амалга ошади”.

Мутахассис янгича таркиб синовига ҳам урғу берди: “Бизда миллий терма жамоа фаолиятида аввал иштирок этмаган футболчиларни чақириш имкони бор. Улар ўзини кўрсатса, албатта жалб қилинади. Мусобақа олдидан барчаси ойдинлашади”.

Кападзега қишдаги Доха йиғини ва таркибга фақат Суперлигада ўйнаётганлар жалб этилиши мумкинлиги ҳақида савол берилганда, шундай деди: “Фаолиятида яхши натижа кўрсатган футболчилар четда қолмайди. Биз имкониятни тўғри баҳолаймиз. CAFA олдидан ҳар бир номзод теран ўрганилади”.

Мураббий шартномаси масаласига ҳам тўхталиб ўтди: “Қатарга қарши ўйиндан сўнг таъкидлаганимдек, менинг ва бутун штабимнинг шартномаси ноябрга қадар амал қилади. Ҳозирча янги шартнома бўйича ўзаро келишувга эришилгани йўқ. Бу йўлда шошилинч қарорлар қабул қилинмаяпти — бари аниқ режа асосида бўлади”.

Тимур Кападзе ва унинг шогирдлари олдида янги мақсадлар ва синовлар турибди. CAFA Nations Cup-2025 — нафақат янги чемпионлар, балки миллий футболимизнинг янада юқори босқичга чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Янги қаҳрамонлар ва имкониятлар йили бошланмоқда!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » CAFA Nations Cup-2025 олдидан Кападзе: Янги қаҳрамонлар ва катта имкониятлар йили!