date

VAR янада кучлироқ назоратга эга бўлади: янги ваколатлар ва 2026 учун қоидалар

VAR янада кучлироқ назоратга эга бўлади: янги ваколатлар ва 2026 учун қоидалар
Футболда технологиялар тобора кўпроқ муҳим ўрин эгалламоқда ва бу жараёнда VAR тизими – видеоҳакамлар хизмати – марказий нуқтага айланмоқда. Энди эса, ушбу тизим янада кенг имкониятларга эга бўлиши мумкин, деб хабар берди The Times нашри.

Жаҳон футболи қоидаларини белгилаб берадиган асосий орган – Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) VAR тизими бўйича янги ўзгаришларни муҳокама қилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, агар бу ўзгаришлар қабул қилинса, улар 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатигача амалиётга жорий қилинади.

IFAB мутахассислари томонидан муҳокама қилинган муҳим янгиликлардан бири — VARдаги ҳакамларга янги ваколатлар беришдир. Хусусан, бурчак зарбаси каби оддийроқ эпизодлар ҳамда футболчи иккинчи сариқ карточка билан майдондан чиқарилишига олиб келадиган вазиятларга аралашишга рухсат бериш режалаштирилмоқда.

Яна бир муҳим таклиф – пенальтидан кейин юзага келадиган вазиятларни тартибга солишга оид. Масалан, агар дарвозабон зарбани қайтарса ва ҳужумчи гол уриши учун имкониятга эга бўлмаса, ўйинни дарҳол тўхтатиш масаласи муҳокамадан ўтмоқда.

Бу каби ўзгаришлар биринчи марта эмас. VAR тизими жорий этилган илк йиллардан буён турли янгиланишларга дуч келиб келаётган бўлса-да, бу галги ўзгаришлар унинг таъсир доирасини янада кенгайтиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, VARнинг аниқликка қаратилган фаолиятини мустаҳкамлаш, футболда адолатни таъминлашнинг муҳим қадами ҳисобланади.

IFAB ушбу таклифларни март ойидаги навбатдаги йиллик йиғилишида расман тасдиқлаши кутилмоқда. Агар қонунлаштирилса, қоидалар 1 июндан кучга киради ва 2026 йилда АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионатида амалиётда қўлланилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу янгиликлар футбол мухлислари ва мутахассислари ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. VAR тизимига бўлган ишонч ва унинг «ҳаракат майдони» кенгайиши жаҳон футболидаги тенглик ва аниқлик масалаларига янги ёндошув келтириши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » VAR янада кучлироқ назоратга эга бўлади: янги ваколатлар ва 2026 учун қоидалар