date

Тим Кэхилл: Ўзбекистон терма жамоаси ўйинга қайтишга йўл қолдирмайди

Тим Кэхилл: Ўзбекистон терма жамоаси ўйинга қайтишга йўл қолдирмайди
Австралиялик афсонавий футболчи Тим Кэхилл Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида ўз фикрларини билдириб, уларнинг ўйини ва мамлакатдаги футбол тизимига юқори баҳо берди. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда ўзбек футболи жиддий ўсиш ва ислоҳотлар босқичига кирган.

Тим Кэхилл – Австралия терма жамоаси сафида 14 йил тўп сурган ва бир неча жаҳон чемпионатларида иштирок этган таниқли футболчи. Унинг айтишича, Ўзбекистонда ёшлар футболига инвестициялар ошиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда. Энди мамлакатда ҳар қандай профессионал клуб фаолиятини бошлаш учун футбол академиясига эга бўлиш мажбурий талаб сифатида қўйилган.

“Бу эътиборли ёндашув. Бу орқали Ўзбекистон футболини янада барқарор ва кучли асосга қуриш мумкин. Фақат ҳозир эмас, балки келажак учун ҳам бу жуда тўғри стратегия,” — деди Кэхилл.

У терма жамоамизнинг майдондаги ҳаракатига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон жамоаси жипс, ўзгаришларга тез мослаша оладиган ва ҳар бир эпизодда максимал куч билан ҳаракат қиладиган жамоадир.

“Агар улар биринчи бўлиб гол урса, ўйинга қайта кириш анча мураккаб бўлади. Улар ўйин охиригача курашишади. Ўзларини йўқотмайди, интизомли, ҳаракатчан ва жуда яхши ташкил этилган жамоа,” — дея фикр билдирди у.

Эътиборлиси, Тим Кэхилл 2004 йилдан 2018 йилгача Австралия терма жамоасининг асосий ўйинчиларидан бири бўлган. У шу йиллар давомида бир неча бор Ўзбекистонга қарши ўйинларда иштирок этган ва рақибни шахсан тўлиқ ҳис қилган футболчилардан ҳисобланади.

Унинг сўзларига кўра, мана шундай рақобатбардош ва ривожланаётган жамоага қарши ўйнаш доим катта масъулият талаб этади.

Мана шундай эътирофлар орқали яна бир бор аён бўляпти: ўзбек футболи халқаро миқёсда эътиборга лойиқ. Эндиликда энг асосийси – бу йўналишдаги ислоҳотларни узлуксиз давом эттириш ва терма жамоани халқаро мусобақаларда юксак натижаларга етаклашдир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Тим Кэхилл: Ўзбекистон терма жамоаси ўйинга қайтишга йўл қолдирмайди