Парижнинг “Сент-Жермен” клуби 2024/25 йилги мавсумни тарихий тарзда якунлади — жамоа Чемпионлар лигаси ғолиби бўлди, Франция чемпионлигини қўлга киритди ва мамлакат кубогини ютиб, учта йирик совринни бир мавсумда қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Клуб бош мураббийи Луис Энрике матбуотга берган сўзларида ўтган мавсумда қандай синовлардан ўтганини, қай тарзда қийинчиликларни енгганини ва келгуси мавсум учун режаларини очиқ баён қилди.
— Чемпионлар лигаси дастлабки уч-тўрт турида биз худди чегарада юргандек аҳволда эдик. Гарчи кўпроқ очко тўплашга ҳақли бўлсак-да, вазият шунчалик осон кечмади. Бир пайт келиб, ўйинчиларда ишонч пасайди, кайфият ҳам унчалик яхши эмас эди. Аммо футболчиларнинг садоқати ва ҳаракати туфайли барчаси ўзгарди. Биз яратган имкониятларимиз кўп бўлса-да, уларни голга айлантира олмаётганимизга эътибор қаратдик. Шу пайт ўйладим: “Нега жарима майдонида энг яхши ҳаракат қиладиган ўйинчини топишга уринмаймиз?”. Шу йўл тутилиб, статистикамиз сезиларли даражада яхшиланди, ғалабалар кетма-кет кела бошлади ва ишончимиз қайта тикланди. Шундан сўнг худди ўша жамоа рақибларга қарши қийинчиликсиз устунлик кўрсата бошлади.
Франция кубоги ва Чемпионлар лигаси финаллари олдидан икки ҳафта давомида ўйин олдидаги руҳий босим сезилганини ҳам эсга олди:
— Асосий мақсадимиз ўйинларга ортиқча ҳис-туйғусиз, хотиржам чиқиш эди. Чунки биз атрофимизда мухлисларнинг катта қўллаб-қувватлашини ҳис қилар эдик ва бу ҳам руҳий жиҳатдан таъсир қилади. Ҳар нарсанинг меъёридан ошиши зарар келтириши мумкин. Биз аллақачон 100 фоиз куч билан ҳаракат қилишимиз аниқ эди, лекин ўйинчиларга шундай дедим: “105 фоиз куч билан ўйнаймиз, лекин 120 фоиз эмас. Чунки ортиқча ҳаяжон сизни қотириши мумкин”. Бу финаллар алоҳида руҳият талаб қиладиган баҳслар бўлиб, футболчилар бу вазифани аъло даражада бажаришди.
Янги мавсум ҳақида ҳам тўхталар экан, Луис Энрике жамоа олдидаги мақсадлар янада юқори эканини таъкидлади:
— Янги мавсумдаги мақсадимиз — жамоани янада кучайтириш. Совринлар масаласида бу, албатта, қийинроқ бўлади. Аммо футбол сифатида, ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда ўсишимизга ишонаман. Ҳар бир соврин учун охиригача курашамиз. Уларнинг барчасини қўлга киритишимизга ишонамиз ва бундай ютуқ яна тарихга киришимиз учун катта мотивация бўлади.
Эслатиб ўтамиз, “ПСЖ” 13 август куни УЕФА Суперкубоги баҳсида “Тоттенхэм”га қарши майдонга тушади. Беллашув Италиянинг Удинезе шаҳридаги “Фриули” стадионида бўлиб ўтади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!