Англиянинг энг кучли жамоаларидан бири саналган “Манчестер Сити”да муҳим янгилик кузатилди. Энди жамоанинг асосий сардори сифатида португалиялик тажрибали футболчи Бернарду Силва тайинланди. Бу қарор клуб тарихида янги саҳифа очиши мумкин, деб таъкидлашмоқда футбол мутахассислари.
Жамоа бош мураббийи Хосеп Гвардиола матбуот анжуманида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтди. Унга кўра, Силва ҳар бир жиҳати билан ҳақиқий етакчи сифатида намоён бўлган ва айнан шу фазилатлари туфайли унга бундай масъулиятли вазифа топширилган.
– Мен Бернардудан кўп нарсани кўрдим. Айниқса ўтган мавсум жуда оғир кечди. Жамоа таркибида фақат 13–14 нафар асосий футболчи қолган пайтлар бўлди. Ёшлар ҳам академиядан жалб этилди. Биз ҳар учинчи кунда кучли рақибларга қарши майдонга тушишимизга тўғри келарди. Ана шундай вазиятда Силва доимо ёнимизда турди. У тинимсиз меҳнат қилди, ҳар куни бор имкониятини майдонда кўрсатди. Ёрдамга доим тайёрлиги, сўзсиз, унинг ҳақиқий сардор эканини кўрсатди, – деди Гвардиола.
Бош мураббий шунингдек, португалиялик футболчининг кўпқиррали ўйинига ҳам эътибор қаратди. Бернарду ўзининг одатий позициясидан ташқари, қанотларда ҳимоячи сифатида, шунингдек таянч ярим ҳимоячи ролида ҳам ўйнашга мажбур бўлганини қайд этди. – У майдонда қаерда керак бўлса, ўша ерда ишонч билан ҳаракат қилди. Шундан ҳам кўриниб турибдики, у жамоа учун етакчи бўлишга муносиб, – деб қўшимча қилди мураббий.
31 ёшли Бернарду Силва “Манчестер Сити” сафида 2017 йилдан буён тўп суради. У шу вақт ичида клубнинг энг ишончли ва мухлислар севган футболчиларидан бирига айланди. Футболчининг амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар тузилган. Аммо кўплаб инсайдерлар ва экспертларнинг фикрича, бу ҳамкорлик яна бир неча йилга узайтирилиши кутилмоқда.
Футбол жамоатчилиги эса Гвардиола қарорини қўллаб-қувватламоқда. Кўпчиликнинг фикрича, Бернарду Силва нафақат майдондаги ўйини, балки инсон сифатидаги хислатлари билан ҳам жамоани юқори мақсадларга етаклай олади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!