Англия Премьер-лигасининг иккинчи турида кутилмаган натижа қайд этилди. “Манчестер Сити” ўз уйида “Тоттенҳэм”га қарши баҳсда 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраб, мухлисларни қаттиқ нохуш ҳолатга солди.
Учрашувдаги икки гол ҳам ҳимоя чизиғидаги йирик хатолар оқибатида рўй берди. Биринчи ҳолатда Бреннан Жонсон ҳисобни очганида, Жон Стоунз рақиб ҳужумчиси Риварлисонга қарши туриб бера олмади ва йиқилиб тушди. Иккинчи гол эса дарвозабон Жеймс Траффорднинг ноқулай пасидан сўнг, Жоау Пальинья томонидан киритилди.
Мутахассислар ҳам, оддий мухлислар ҳам жамоадаги ҳимоячиларда тезкорлик ва уйғунлик етишмаётганини таъкидламоқда. Кўпчилик эса Хосеп Гвардиоланинг айнан тезкорлиги билан машҳур ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни захирада қолдиргани учун танқид қилмоқда.
Машҳур манба – manchestercity.news таҳлилчилари ҳам бу масалага эътибор қаратди. Улар фанатлар орасидаги кайфиятни ўрганиб, қуйидагича хулоса чиқаришди:
— “Сити” мухлислари анчадан буён Абдуқодир Ҳусановга кўпроқ ўйин амалиёти бериш зарурлигини айтмоқда. “Тоттенҳэм”га қарши мағлубиятдан кейин бу талаб янада кучайди. Янги мавсумда у фақат “Вулверхэмптон”га қарши баҳсда 8 дақиқа тўп сурди, сўнгра эса захирада қолдирилди.
Жамоа ҳимоя чизиғидаги сустлик мухлисларни ташвишга солмоқда. Хусусан, жамоа баланд ҳимоя чизиғида ҳаракат қилганда бу камчилик аниқ сезилмоқда. Шу ҳолатда тезлиги билан алоҳида ажралиб турадиган Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга туширилмагани жамоатчилик орасида жиддий баҳсларга сабаб бўлди, – деб ёзди Жузеппе Лабелларте, нашр эксперти.
Муттахассислар фикрича, агар Гвардиола ҳимоядаги муаммоларни бартараф этишни истаса, унга Ҳусановнинг қайсарлиги ва тезкорлиги катта ёрдам бериши мумкин. Мухлислар эса ўз футболчисини асосий таркибда кўриш умидида.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!