30 ёшли ўзбекистонлик профессионал боксчи, WBA версияси бўйича вақтинчалик чемпион Муроджон Аҳмадалиев япониялик мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэга қарши катта жанг олдидан ўз қарашлари билан ўртоқлашди.
Аҳмадалиев рақибининг катта ютуқларини тан олган ҳолда, ўзининг устун жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратди:
«Спортчи сифатида Иноуэни жуда ҳурмат қиламан. Унинг марралари ҳақиқатдан ҳам катта. У шубҳасиз боксда маҳоратли, аммо мен жанговар сифатида ундан яхшироқман. Унинг тезкорлиги ва кучи бор, лекин менда ундан юқори жиҳатлар мавжуд. У енгил вазн тоифасида барча рақибларни мағлуб этди, ҳозир эса 55,3 кгда ўз синовини кўрсатмоқда.
Аммо айнан шу дивизион менинг майдоним. Мен бу тоифада ҳар қандай рақиб учун жиддий синов бўла оламан. Бу — менинг вазним, менинг танам эса қуролим. Ва мен — айнан ўша қуролман», — дея таъкидлади Аҳмадалиев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган Муроджон Аҳмадалиев ва Япониянинг таниқли боксчиси Наоя Иноуэ ўртасидаги тўқнашув эртага, 14 сентябр куни Нагоя шаҳрида бўлиб ўтади. Жанг Тошкент вақти билан 16:30 дан кейин старт олади.
Бу тўқнашув нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки бутун дунё бокс ишқибозлари учун катта қизиқиш уйғотмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!