4–14 сентябрь кунлари Англиянинг Ливерпул шаҳрида катталар ўртасидаги бокс бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихий натижа қайд этиб, 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди.
Бугун, 16 сентябрь тонгида мамлакатимиз қаҳрамонлари Ватанга қайтишди. Чемпионларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси биринчи ўринбосари Сакен Полатов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, шунингдек, расмийлар, оммавий ахборот воситалари ва совриндорларнинг ота-оналари тантанали равишда кутиб олди.
Тантанали кутиб олиш маросимида расмийлар боксчиларимизни самимий табриклаб, уларнинг бу каби муҳим мусобақаларда юртимиз шарафини баланд тутиши ва байроғимизни юксакларда кўтариб юришига тилаклар билдиришди. Якунда ғолиб ва совриндорларга зарчопонлар ёпилди, гуллар тақдим этилди.
Эслатиб ўтиш жоиз, Тўлқин Қиличев бошчилигидаги Ўзбекистон миллий жамоаси эркаклар баҳсларида 6 та олтин медал билан жамоавий ҳисобда 1-ўринни қўлга киритди. Умумий жадвалда эса вакилларимиз Қозоғистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.
Шу тариқа, ўзбек бокси яна бир бор дунё саҳнасида юксак натижа қайд этиб, юртимиз спорт тарихи саҳифасига ёрқин из қолдирди.