
37 ёшли америкалик машҳур боксчи Теренс Кроуфорд яна тарих яратди. 14 сентябрь куни Лас-Вегасдаги катта жангдан сўнг у учинчи марта мутлақ жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди ва ўзининг профессионал рекордини янада мустаҳкамлади.
Кроуфорднинг ҳозирги статистикаси жуда таъсирли кўринади — 42 ғалаба, шундан 31 таси нокаут билан ва ҳалигача бирорта ҳам мағлубият йўқ. Бу кўрсаткич нафақат унинг бебаҳо маҳоратидан далолат бермоқда, балки уни замонамиздаги энг кучли боксчи сифатида ҳам намоён қилмоқда.
Мазкур ғалабадан кейин нуфузли ESPN спорт портали Теренс Кроуфордни вазн тоифаларидан қатъи назар боксчилар рейтингининг биринчи ўрнига қўйди. Бундай юксак натижа Кроуфорднинг қанчалик нуфузли спортчи эканини яна бир бор исботлади.
Янги рейтинг қуйидагича шаклланди:
Теренс Кроуфорд (42-0, 31 КО)
Олександр Усик (24-0, 15 КО)
Наоя Иноуэ (31-0, 27 КО)
Дмитрий Бивол (24-1, 12 КО)
Жесси Родригес (22-0, 15 КО)
Артур Бетербиев (21-1, 20 КО)
Шукур Стивенсон (24-0, 11 КО)
Давид Бенавидез (30-0, 24 КО)
Дзунто Накатани (31-0, 24 КО)
Саул Канело Алварес (63-3-2, 39 КО).
Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрга ўтар кечаси Лас-Вегасдаги “Allegiant Stadium” аренасида ўтган йирик жангда Кроуфорд рингда Саул “Канело” Алваресга қарши тўқнашди. Қизғин кечган беллашувда 12 раунд давомида ҳар икки спортчи жонбозлик кўрсатди. Аммо ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба Кроуфорд томонига берилди (116-112, 115-113 ва 115-113).
Бу натижа орқали америкалик спортчи нафақат янги унвон соҳиби бўлди, балки Канело каби машҳур ва тажрибали рақибни енгиб, ўзининг қай даражада кучли боксчи эканини намойиш қилди. Жангдан сўнг экспертлар ҳам, мухлислар ҳам Кроуфорднинг муваффақияти ҳақида ижобий фикр билдиришди.
Шу тариқа, Теренс Кроуфорд ҳозирда замонавий бокснинг мутлақ етакчиси сифатида эътироф этилмоқда. Унинг келгуси режалари ҳам жуда қизиқ — спортчи янада катта жангларга тайёргарлик кўрмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!