Дунё спортининг икки буюк юлдузи — сербиялик теннисчи Новак Жокович ва португалиялик футбол афсонаси Криштиану Роналду Португалия пойтахти Лиссабонда учрашув ўтказди. Бу ҳақда спорт ОАВлари хабар тарқатди.
24 карра «Катта дубулға» турнири ғолиби ва жаҳон рейтингининг бешинчи рақамли теннисчиси бўлган Новак Жокович «Ал Наср» ҳужумчиси билан маҳаллий теннис клубида дўстона суҳбат қурди.
Учрашув давомида икки юлдуз бир-бирига совға сифатида шахсий имзолари туширилган футболкалар топширишди ва қисқа табрик сўзлар ёзиб беришди.
Бу мулоқот нафақат спорт мухлислари, балки жаҳон ОАВлари учун ҳам қизиқ воқеага айланди. Улар икки спорт афсонасининг бир саҳнада кўриниши дунёдаги икки турли спорт тури ўртасидаги дўстона алоқаларни намоён этди, деб таъкидлашди.
Жорий мавсумда Новак Жокович тўртта «Катта дубулға» мусобақасининг барчасида ярим финалгача етиб борди ва Женевадаги ATP-250 турнирида зафар қучиб, профессионал фаолиятидаги 100-титулни қўлга киритди.
Криштиану Роналду эса яқинда клуб даражасидаги 800-голини урди. Унинг ҳисобида «Реал Мадрид» сафида 450, «Манчестер Юнайтед»да 145, «Ювентус»да 101, «Ал Наср»да 99 ва «Спортинг»да 5 гол мавжуд.
Бу учрашув спорт жамоатчилиги орасида “спортининг икки энг барқарор юлдузи бир саҳнада” сифатида ёдда қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!