Тошкентда 100 та жамоат ҳожатхонаси қуриладиган манзиллар маълум бўлди

Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 100 та янги жамоат ҳожатхонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Уларнинг жойлашуви бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган. Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 23 октябрдаги қарорида белгиланган.
Янги санитария-гигиена шохобчалари давлат-хусусий шериклик асосида, соддалаштирилган тартибда ташкил этилади. Лойиҳалар учун ажратилган ер участкалари тадбиркорларга 10 йилгача муддатга берилиши мумкин.
Ҳожатхоналар қайси туманларда ташкил этилади?
Тасдиқланган рўйхатга кўра, янги шохобчалар туманлар бўйича қуйидагича тақсимланган:
Бектемир — 2 та;
Мирзо Улуғбек — 8 та;
Миробод — 10 та;
Олмазор — 9 та;
Сергели — 5 та;
Учтепа — 10 та;
Чилонзор — 6 та;
Шайхонтоҳур — 12 та;
Юнусобод — 12 та;
Яккасарой — 4 та;
Янгиҳаёт — 12 та;
Яшнобод — 10 та.
Қайси манзилларда пайдо бўлади?
Жумладан, янги шохобчаларни Қўйлиқ метро бекати орқасида, «Компас» савдо маркази автотураргоҳи олдида, «Янги Ўзбекистон» боғи автотураргоҳида, «Олой» деҳқон бозори яқинида, Хотира майдонида ҳамда Турон ва Машинасозлар метро бекатлари атрофида ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, шохобчалар пойтахтнинг кўплаб кўчалари, тураржой мавзелари, бозорлар, тиббиёт ва таълим муассасалари яқинида жойлаштирилади.
Қарорга мувофиқ, янги объектларни ташкил этишда шаҳарсозлик меъёрлари ва қурилиш қонунчилиги талабларига риоя қилиниши керак. Ер участкаларининг аниқ чегаралари кадастр ҳужжатлари ёки тегишли чизмалар асосида белгиланади.






























Изоҳлар 0
…