
Туркия Суперлигасининг 13-турида ўзбекистонлик мухлислар катта қизиқиш билан кузатиб бораётган “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси ўз майдонида кучли рақиб — “Трабзонспор”ни қабул қилади. Мусобақанинг бу босқичи ҳар икки жамоа учун жуда муҳим, айниқса истанбулликлар учун бу баҳс мавсумдаги оғир вазиятдан чиқиш имкониятларидан бири бўлиб турибди.
“Башакшеҳир” кучли таркиб, тажрибали мураббий ва ўз уйида ўйнаётганига қарамай, мавсум стартидаги ишончларни оқлай олмаяпти. Жамоа ҳозирда жадвалнинг пастки қисмига тушиб қолган — 13-ўрин бу клуб амбицияларига мутлақо мос келмайди. Ўз навбатида, рақиб “Трабзонспор” барқарор ўйини билан чемпионлик мавқеларини кузатиб бормоқда ва учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Шахин билан бошланган умид, лекин натижа ҳамон паст
“Башакшеҳир” мавсумни жуда омадсиз бошлади. Жамоадаги қатор жароҳатлар, ҳужумдаги боғланишнинг йўқлиги ва рақиблар устидан устунлик ўрнатишдаги муаммолар вазиятни оғирлаштирди. Омадсиз сериядан сўнг клуб Нури Шахинни бош мураббий этиб тайинлади. Унинг келиши мухлислар учун катта умид уйғотган бўлса-да, натижалар ҳали барқарорлашмади.
Истанбулликлар бир неча ўйинда яхши таассурот қолдирди: “Антальяспор”га қарши 4:0, “Кожаэлиспор”га 1:0 ҳисобидаги ғалабалар умидларни кучайтирди. Бироқ кейинги турда паст поғонадаги “Генчлербирлиги”га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиш яна вазиятни таранглаштирди.
Шомуродов жамоанинг асосий устунига айланди
“Башакшеҳир”нинг бу мавсумдаги энг порлоқ ўйинчиси — ўзбекистонлик Элдор Шомуродов. У 12 та учрашувда 8 гол уриб, жамоасида ҳамон “ишлаб турган” ягона кучга айланиб улгурди. Бироқ жамоада унга етарлича ёрдам берувчи бошқа тўпурарлар етишмаяпти. Фақат Иван Брнич ва Нуну Кошта иккитадан гол билан унга кўмаклаша олмоқда.
Аббосбек Файзуллаев эса жароҳатдан тикланиш арафасида. У бир ярим ойдан бери сафдан четда бўлди ва терма жамоага боролмади. Лекин энди жамоага қайтишга яқин. Юсуф Сарининг жароҳати ва Оперининг соғлиқ муаммолари ҳужум ва қанотлардаги муаммоларни янада кучайтирган.
Шунга қарамай, “Башакшеҳир” уй ўйинларида деярли ҳар баҳсда гол уриб келмоқда. Фақат “Эйюпспор”га қарши ўйинда тўп киритилмаган.
“Трабзонспор” мағлубиятни унутди — серия етти ўйинга етди
Қора денгиз жамоаси сўнгги етти учрашувда мағлубиятни татиб кўрмади. Танаффусгача улар “Газиантеп ББ” билан дуранг ўйнади, кейин тўртта голли икки баҳс ўтказди ва иккита ғалабага эришди. “Галатасарой”га қарши сафардаги 0:0 ва “Аланьяспор”га қарши 1:1 ўйинлари жамоанинг аҳволини барқарор эканини кўрсатди.
Таркиб ҳам деярли тўлиқ: Стефан Савичдан ташқари асосий йўқотиш йўқ. Унинг ўрнини номинал ярим ҳимоячи Окай Йокушлу муваффақиятли тўлдирмоқда. Энтони Нвакаэме эса узоқ вақтдан бери ўйнамаяпти ва рўйхатдан чиқарилган.
Ўзаро ўйинларда устунлик — “Трабзонспор” томонида
Сўнгги тўртта ўйиннинг барчасида трабзонликлар “Башакшеҳир”ни гол ўтказмасдан мағлуб этган. Умумий тарихда ҳам устунлик “Трабзонспор”да — 14 ғалаба, рақибда 10.
Ҳозирги ҳолат ва формага қаралса, меҳмонлар серияни давом эттириш учун яхши имкониятга эга.
Икки ҳужумчи — икки мақсад, битта майдон
Гол урувчилар пойгасида икки суперҳужумчи етакчилик қилмоқда:
– Элдор Шомуродов (“Башакшеҳир”) — 8 гол (1 пенальти)
– Пол Онуачу (“Трабзонспор”) — 8 гол (2 пенальти)
Улар ўртасидаги тўқнашув ҳақиқий шоу бўлиши кутиляпти.
Тахминий таркиблар
“Башакшеҳир”:
Шенгезер, Опоку, Дуарте, Шахинер, Эбоселе, Ўздемир, Гюнеш, Арит, Креспо, Тюрюч, Шомуродов.
“Трабзонспор”:
Онана, Йокушлу, Бания, Пинья, Эскихеллач, Жаболь-Фолькарелли, Улаи, Зубков, Аугусто, Олаигбе, Онуачу.
Учрашув 24 ноябрь куни Тошкент вақти билан 22:00 да старт олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.