
5 декабрда бўлиб ўтадиган 2026 йилги Жаҳон чемпионати қуръа ташлаш маросимида иштирок этадиган бошловчи ва санъаткорлар аниқланди. Маросим Вашингтон шаҳридаги «Кеннеди маркази»да ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирни супермодель Хайди Клум, таниқли комик ва актёр Кевин Харт ҳамда актёр Дэнни Рамирес олиб боради.
Бадиий дастурда жаҳон эстрадасининг машҳур юлдузлари саҳнага чиқади. Итальян тенори Андреа Бочелли, британиялик поп-юлдуз Робби Уильямс ва хонанда Николь Шерзингер ўз чиқишлари билан меҳмонларни хушнуд этади. Афсонавий «Village People» гуруҳи эса ўзининг машҳур «Y.M.C.A.» қўшиғини ижро этиши кутилмоқда.

Бу маросим тарихда илк бор 48 та жамоа иштирок этиши кутилган мундиалнинг қуръа ташлаш маросими бўлиб, Тошкент вақти билан 5 декабрь куни соат 22:00да бошланади. Ушбу тадбирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам ўзининг илк Жаҳон чемпионатидаги рақибларини билиб олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.