
Нури Шахин бошчилигидаги «Истанбул Башакшеҳир» Туркия Суперлигасининг 16-турида «Самсунспор»га қарши сафар баҳсида ишончли ўйин намойиш этиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу учрашувда ўзбекистонлик футбол мухлисларининг эътибори, табиийки, икки ҳамюртимиз — Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаевга қаратилди.
Беллашувда жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳақиқий етакчи сифатида кўринди. Ҳужумчи 87 дақиқа давомида майдонда ҳаракат қилиб, бир гол ва бир ассист муаллифига айланди. Элдор нафақат натижали ҳаракатлари, балки фаоллиги, прессинги ва рақиб ҳимоячиларига босим билан ҳам жамоаси ўйинига катта ҳисса қўшди.
Статистикага назар ташласак, Шомуродов 4 марта зарба бериб, шуларнинг 3 тасини дарвоза томон йўналтирди. Унинг кутилган гол кўрсаткичи (xG) 0.53 ни ташкил этди, ассист бўйича эса 0.03. Элдор тўп билан 41 марта мулоқот қилди ва паслар аниқлиги 86 фоизни ташкил этди. Шунингдек, у рақибдан 6 марта тўпни олиб қўйиб, ҳимояда ҳам жамоасига ёрдам берди. Эътиборли жиҳати — рақиб футболчилари Элдорни дриблинг орқали бирор марта ҳам ортда қолдира олмади.
Аббосбек Файзуллаев эса учрашувни 67-дақиқага қадар ўтказди. Ёш футболчи кўпроқ комбинацион ўйинда фаол бўлиб, тўп билан 45 марта ишлади. У 1 марта зарба йўллаб, уни аниқ амалга оширди. Кутилган гол кўрсаткичи 0.11 бўлди. Паслар бўйича Файзуллаев 74 фоиз аниқлик қайд этди ва якуний учинчи ҳудудга 2 та узатма берди.
Аббосбек ҳимояда ҳам ўзини кўрсатиб, 6 марта тўпни олиб қўйди ва 1 та тозалашни амалга оширди. Ҳаводаги яккакурашларда эса 67 фоиз самарадорлик кўрсатди.
Умуман олганда, «Истанбул Башакшеҳир»нинг ушбу ғалабасида Элдор Шомуродов ҳал қилувчи фигура бўлган бўлса, Аббосбек Файзуллаев жамоавий ўйинда ўз ҳиссасини қўшди. Бу баҳс яна бир бор ўзбек футболчиларининг Туркия Суперлигасида муносиб ўрин эгаллаётганини кўрсатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.